18:52 / 12.11.2021
82185

«Печкамизнинг довруғи қўшни вилоятларгача етиб борган» — Ургутлик уста тежамкор иситиш печи ясаб сотмоқда

 Қиш фаслида одамларга нима керак? Албатта, уйни иситиш учун тежамкор, сифатли ва энг муҳими — ишончли восита. Самарқанднинг Ургутида ясалаётган ана шундай печка қўлма-қўл бўлиб сотилмоқда.

Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида одамлар 4-5 ой давом этадиган совуқ кунлардан қандай чиқиб олишни ўйлай бошлайди. Кимдир ярмидан кўпи кукун бўлган арзон кўмир харид қилади, кимдир эса ҳовлисидаги дарахтни кесиб ёқади. Яхшироқ даромадга эга бўлганлар Қозоғистон ва Қирғизистондан келтирилаётган сифатли кўмир сотиб олишади. Ёки ўтин бозорларда юк машиналарида сотилаётган ўтинга харидор бўлишади.

Ёқилғи бор. Энди уни қандай ёқиш керак? Одамлар бу борада ҳам турли усуллар қўллашади. Аксарият одамлар уйларни оддий печкалар билан иситишади. Сўнги йўлларда усталар ҳам шароитга мослашиб анча тежамкор печкаларни кашф этяпти.

Ана шундай усталардан бири Ургут тумани Хўжабаланд маҳалласида яшовчи Абдуманнон Убайдуллаев ҳисобланади. У бундан 12 йил аввал Россиядан ўрганиб келиб ёқилғи тежайдиган печкани ясай бошлаган. Бугун ушбу печлар «Почвон печка» номи билан нафақат Самарқанд вилоятида, балки қўшни воҳа вилоятларда ҳам машҳур бўлиб улгурган.

«Бундан 13 йил аввал Россияга ишлагани борганман. Ўша ерда биз яшаган уйда турган печка озгина кўмир ёки ўтин билан хонани узоқ вақт иситиб турарди. Шунда уни қандай ясалганини кўрдим ва кейинги йил Россияга бормай, ўзимизда ўша печга ўхшатиб печка ясай бошладим. Бошида одамларга ясаётган печкамнинг афзалликларини тушунтириш бироз қийин бўлди. Аммо кейинчалик ишларимиз юришиб кетди ва тежамкор печкаларимиз оммалаша бошлади», — дейди уста.

Устанинг айтишича, у фаолиятини эндигина бошлаган кезларда печкаларини мавсумга қараб асосан куз ҳамда қиш фаслларида ясашган. Бугун уста ўз шогирдлари билан йил давомида печка ясаяпти, аммо шунда ҳам буюртмаларни тайёрлашга улгуришмаяпти. Печка сўраб келаётган одамларга бир ойлик муҳлат айтилиши буюртмачиларни хафа бўлиб қайтиб кетишига ҳам сабаб бўлмоқда. Айрим одамлар «Ошиқча пул тўлайман, тезроқ ясаб беринг», деб ҳам таклиф қилишади. Аммо уста навбатни бузмоқчи эмас.

«Ҳозир буюртмалар шунчалик кўпки, «Почвон печка» ясаб беринглар деб келаётган одамларга бир ойдан сўнг тайёр бўлишини айтишга мажбурмиз. Аксарият мижозлар бир ой кутишга ҳам тайёр. Айримлар эса кутмай бошқаларга ҳам кетиб қолишади. Биз ясаётган печкаларнинг довруғи қўшни вилоятларга ҳам етиб борди ва энди улар ҳам кўплаб буюртмалар беришяпти. Ҳозир Қашқадарё вилоятидан келган буюртмани ясаяпмиз», — дейди Абдуманнон Убайдуллаев.

Таъкидланишича, ясалаётган печка ис гази чиқармайди. Шунингдек, унда олов оқиб эмас, балки найзасимон бўлиб ёнади. Бундан ташқари, печканинг остидаги кулдон охиригача ёпиб қўйилса унда ёнаётган ўтин қоракўмир бўлган ҳолда суткалаб сақланиб туради. Маълум вақт ўтиб кулдон очилганда қоракўмирнинг остида қолган арзимаган чўғ билан олов қайта ёниб кетаверади. Энг муҳими — «Почвон печка» оддий печларга қараганда ёқилғини уч баробар тежайди.

«Сўнгги йилларда биз ясаётган иситиш печлари одамларга маъқул тушиб, у оммалашиб кетганидан сўнг айрим бошқа усталар уни ўзлаштириб, ясаб «Почвон печка» деб сота бошлашди. Аммо уларнинг иситиш печлари ёқилғи тежайдиган бўлиб чиқмайди. Шу сабабли улардан печка олганлар бизга қайтиб келишади. Биз ясаётган ушбу печ ёқилғини уч баробар тежайди. Озгина ўтин ёки кўмир билан катта хоналарни ҳам узоқ вақт иситиб туради. Бу печларимизни ясашда кичик бир сири бор ва у ҳеч кимга айтилмайди. Рақобатчиларимиз ана шу сирни била олмай доғда қолишяпти ва бизникига ўхшатиб ясаган печлари тежамкор бўлиб чиқмаяпти», — дейди Абдуманнон Убайдуллаев.

Уста энди иш бошлаганида барча ишлар қўлда бажарилганини ва шу сабабли иш унумдорлиги паст бўлганини айтади. Ҳозир эса устахонада кўплаб дастгоҳлар бор. Темирни кесиш, текислаш, буклаш ва яна бир қатор ишлар турли дастгоҳлар ёрдамида бажарилади. Фақат пайвандлаш ишлари қўлда қилинади. У келажакда устахонани кенгайтириб, янада кўпроқ одамларни иш билан таъминлашни мақсад қилган.

«Ҳозир асосий устахонадан ташқари, иккинчи жойда ҳам филиалимизни очдик. Шунда ҳам улгурмаяпмиз. Келажакда устахонани кенгайтириб печкаларни конвейер усулида ишлаб чиқариш режаларимиз бор. «Биз бир неча хил иситиш печларини ясаймиз. Девор орасига қўйиладиган, шунингдек уй иситиш билан бирга сув иситиб берадиган печларимиз бор. Ким қандай печ буюртма берса, ўшани ясаб берамиз. Бугун энг кўп нархи ҳамёнбоп бўлган печларимизга буюртма кўп тушяпти. Қўшни вилоятлардан ҳам асосан шу печга буюртма оляпмиз», — дейди Абдуманнон Убайдуллаев.

Бугун Абдуманнон Убайдуллаевнинг қўл остида 15 нафардан ошиқ йигит ишламоқда. Шогирдлар ўзига бириктирилган иш билан машғул бўлади. Тайёр ҳолга келган ҳар бир печ устанинг назоратидан ўтади ва шундан сўнг мижозга берилади. Уста ишнинг сифатига жуда жиддий қарайди ва уни биринчи ўринга қўяди. Шу боисдан шогирдларидан ҳам сифатга эътиборли бўлишларини сўрайди. Маҳсулотнинг сифатли тайёрланишини ютуқларнинг дебочаси деб билади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Top