13:53 / 13.11.2021
18225

ЖЧ саралаши. Англия рекордлар билан Қатарга йўл олмоқда, Италия яна қолиб кетиши мумкин

Европада жума оқшомида яна уч гуруҳда ЖЧ-2022 саралаши доирасида навбатдаги тур учрашувлари бўлиб ўтди.

Англия рекордларни янгиламоқда

I гуруҳи
Англия — Албания — 5:0 (Магуайр, 9. Кейн, 18, 33, 45+1. Ҳендерсон, 28).
Андорра — Польша — 1:4 (Сервос, 45 — Левандовски, 5, 73. Южвяк, 11. Милик, 45+2).
Венгрия — Сан-Марино — 4:0 (Собослои, 6, 83. Гоздог, 22. Вечеи, 88).

Англияликлар учун ўтган турдаги йўқотиш етарли эди, улар ўз уйида бу сафарги саралашни жуда ёмон ўтказган Венгрия билан кутилмаганда дуранг ўйнаб қўйганди ва Қатар йўлланмасини ҳал қилишни кечиктирганди, аммо навбатдаги ўйинда «Уч шерлар» бу вазифани хотиржамлик билан уддалашди. Иккинчи ўриндан умид узмаган Албания ҳам қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди, Магуайрнинг тезкор голидан кейин Пикфорд яккама-якка ҳолатга чиқиб келган Узунини тўхтатишига тўғри келди. Аммо албанлар бу имкониятини йўққа чиқаргач, Кейн Ҳендерсон билан ҳамкорликда ўн дақиқа ичида ҳисобни йирик кўринишга келтиришди (биттадан гол ва пас алмашиб).

Биринчи бўлим ўрталаридан бошлаб майдондаги воқеалар кўпроқ статистиклар учун қизиқ бўла бошлади, инглизлар ўтган аср бошидаги рекордларни янгилашди ёки такрорлашди. Биринчидан, терма жамоа 1908 йилдан буён урилган голлар бўйича энг самарали йилни қайд этди. Ўша йили британлар 39 гол уришганди, ҳозир эса — 42та бўлиб улгурди. Иккинчидан, Кейн 110 йил ўтиб терма жамоа учун қаторасига икки йил камида 10 гол урган иккинчи футболчи бўлди, бунгача бундай натижа фақат икки карра олимпия чемпиони Вивьен Вудворд томонидан қайд этилганди. Биринчи бўлим охирида у қайчи услубидаги зарбаси билан «Уэмбли»ни ҳайратга солиб, натурал ҳет-трикни расмийлаштирди (бир бўлим ичида ҳам икки оёғи ва боши билан голлар урди).
 
Англияликларнинг байрами барибир ёқимсиз ҳолатсиз кечмади. Лячи тўпни узоқлаштириш вақтида Рис Жеймснинг бошига тепиб юборди, шундан кейин «Челси»да ажойиб мавсум ўтказаётган ҳимоячи терма жамоадаги жамоадоши Стоунс билан ҳам тўқнашиб кетди. Трансляция режиссёрлари томошабинлар футболчига қандай тиббий ёрдам кўрсатаётганига гувоҳ бўлмаслиги учун камерани ўчириб туришди.

Майдонга икки замбил олиб чиқилганида, вазият чиндан ҳам жиддийлиги маълум бўлди, аммо Жеймс темир одам бўлиб чиқди. У нафақат ўзига келди, ўйинни давом эттиришга қарор ҳам қилди. Уни фақат ўйин охирида алмаштиришди, Смит Роу миллий жамоада дебют қилди. «Арсенал»дан бўлган ушбу талант Гарет Саутгейт даврида асосий жамоада ўйнаган 48-футболчи бўлди.

Ўз навбатида Польша кутилганидек Андоррани мағлуб этди (рақиб 1-дақиқаданоқ бир киши кам бўлиб қолди) ва плей-оффга чиқди. Аниқроқ айтганда, 10-сониядаёқ Куку тўп учун курашда рақиб юзига тирсак билан зарба бериб юборди ва кийим алмаштириш хонасига йўл олди.

5-дақиқадаёқ тезкор гол урилди, бу Левандовски учун йил бошидан буён 61-гол бўлди. Қайд этиш керакки, жаҳон футболида бундай самарадорлик етти йилдан буён кузатилмаётганди, охирги бор Криштиану Роналду шундай натижа қайд этганди. «Олтин тўп» учун асосий даъвогар сифатида кўрилаётган Левандовски ўйин давомида португалиялик футболчидан ўзиб ҳам кетди. Унда ҳозирданоқ 62 гол ва терма жамоа ҳамда «Бавария» учун йил охиригача яна голлар уриши тайин. Лекин Мессининг 2012 йилги рекордига етиш поляк футболчисига ҳам, яқин орада бошқа бирортасига ҳам насиб этиши даргумон - аргентиналик футболчи ўшанда ўзга сайёраликларга хос натижа кўрсатиб, 91 гол урганди.

Шунингдек, сўнгги турда Польшада Англияни қувиб ўтиш ва гуруҳда биринчи бўлиш учун ҳам имкон бор. Аммо бу фақат назарий жиҳатдан мумкин — бунинг учун британлар сўнгги турда Сан-Маринога йирикроқ ҳисобда мағлуб бўлиши ва поляклар Венгрия устидан йирик ҳисобда ғалаба қозониши талаб этилади. Аммо бу айнан назарий жиҳатдан — амалда бундай сценарий рўй беришининг имкони йўқ.

15 ноябрь. Сан-Марино — Англия, Польша — Венгрия, Албания — Андорра.

Фарер ороллари данияликлар дарвозасидаги жодуни ечишди

F гуруҳи
Молдавия — Шотландия — 0:2
(Паттерсон, 38. Адамс, 65).
Австрия — Исроил — 4:2 (Арнаутович, 51, пенальти. Шауб, 62, 72. Забитцер, 84 — Биттон, 32. Перетц, 58).
Дания — Фарер ороллари — 3:1 (Сков-Ольсен, 18. Брун-Ларсен, 63. Меле, 90+3 — К.Ольсен, 89).

Шотландлар октябрдаги ўйинларда ғалаба учун ақл бовар қилмас ирода намойиш этишганди. Исроил билан ўйинда ҳам, Фарер ороллари билан ўйинда ҳам сўнгги дақиқаларда ғалаба голлари урилганди, шундан кейин плей-офф йўлланмаси учун жорий саралаш босқичида қаторасига етти ўйинда ютқазган Молдавияни енгиш кифоя бўлиши англашилганди. Кишинёвга келган британияликлар худди ўйин Глазгода бўлаётгандек ҳаракат қилишди.

Аммо, ўз дарвозаси тинимсиз босим остида туришига қарамай, молдаванлар ҳам олдинга чиқиб туришди. Ионицэнинг бир неча метрдан берган зарбаси Гордон томонидан қайтарилиши ўйиннинг шу вақтигача рўй берган энг хавфли ҳужум эди. Фақат Паттерсоннинг рақиб жарима майдони томон юриши ва узоқ бурчакни аниқ нишонга олишидан кейин ўйин кутилган сценарийда кеча бошлади.

Иккинчи бўлимда Адамс муаллифлигидаги гол барчасига нуқта қўйгандек эди, аммо видеотакрордан кейин меҳмонлар дарвозасига пенальти қўйилди, Гордон эса зарбани қайтариб, Шотландияни 1998 йилдан буён илк марта жаҳон чемпионатига яқинлаштирди ва жамоа учун иккинчи ўринни кафолатлади. Энди гуруҳдаги қолган ўйинлар аҳамиятини йўқотди.

Энди бошқа жамоалар престиж, мухлислари ва рейтингдаги очколар учун ўйнашади. Исроил иккинчи ўрин учун минимал имкониятларини ҳам йўқотди. Австрия эса Миллатлар лигасидаги фантастик натижаси туфайли плей-оффга чиқиши кафолатланган.

Дания ўзининг уникал натижасини давом эттириши мумкин эди. Саккиз турни скандинавлар гол ўтказмай ўтказишди ва саралаш ўйинларининг охиригача дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишни орзу қилаётганди. Аммо фарерликлар ўйин охирида мухлисларга таскин берувчи голни барибир уришди, Шмейхель эса бунга худди жамоаси мағлуб бўлгандек реакция қилди.

15 ноябрь. Шотландия — Дания, Исроил — Фарер ороллари, Австрия — Молдавия.

Европа чемпионлари яна қўшниларини енга олмади

С гуруҳи
Италия — Швейцария — 1:1
(Ди Доренцо, 36 — Видмер, 11).
Шимолий Ирландия — Литва — 1:0 (Шаткус, 17, автогол).

Италияи ва Швейцария ўртасидаги учрашувлар жаҳон чемпионати саралашидаги безакка айланди. Икки жамоа ҳам сўнгги тур арафасидаги ўзаро учрашувга бир хилда - 14 очко тўплаган ҳолда етиб келди, уларнинг биринчи учрашувида голсиз дуранг қайд этилганди. Ғолиб амалда ЖЧ-2022 учун тўғридан тўғри йўлланмага эга чиққан бўларди, дуранг қайд этилгудек бўлса, италияликлар сўнгги тур арафасида турнир жадвалида тўплар нисбатидаги икки гол устунлиги эвазига юқорироқда туришарди.

«Швейцария билан ўйинми? Бу йилдаги энг муҳими!» — деганди Европа чемпионлари устози ўйиндан олдин берган интервьюсида. Унинг фикрича, жаҳон чемпионати йўлланмаси ҳал бўладиган ўйин Евро-2020нинг ҳар қандай ўйинидан, ҳатто финалдан ҳам кўра муҳимроқ.

Мурат Яқин Римга тўлиқ таркибни олиб кела олмади. Жароҳатлар туфайли Стивен Цубер, Гранит Чака, Бриль Эмболо ва Ҳарис Сеферович ўйнай олмасди. Бундай футболчилар йўқлигида Швейцария футболчиларида ҳужумларни ташкиллаштиришда муаммолар чиқиши мумкин эди, аммо амалда бошқача бўлди.

11-дақиқадаёқ Ноа Окафор тўпни Сильван Видмернинг йўлига ташлаб берди. «Майнц» ҳимоячиси фаолиятидаги энг яхши голни урди. Ҳатто икки метр бўйга эга Жанлуиджи Доннарумма «тўққизлик»ка йўлланган зарбага ета олмади.

Бундай ҳисоб италияликларни қаноатлантирмасди. Таркибдаги айрим футболчилар Россиядаги жаҳон чемпионати саралашини эсга олишгани шубҳасиз. Ўшанда «скуадра адзурра» ўтиш баҳсларида Швециядан ўта олмаганди (0:1, 0:0). Европанинг энг яхши жамоаси учун қаторасига иккинчи мундиални ўтказиб юбориш ҳақиқий фожиа бўлади. Бундан қочиш учун мезбонлар тўпни тинимсиз равишда майдоннинг иккинчи қисмига олиб боришди.

36-дақиқада Италиянинг босимлари самара келтирди. Ян Зоммернинг ҳимоясидан Жованни Ди Лоренцо фойдаланди. Лоренцо Инсиньенинг узатмасидан кейин бўйи 182 сантиметр бўлган Ди Лоренцо тўпга чиққан дарвозабондан кўра илдамроқ ҳаракат қилиб, дарвозани ишғол этди.

Танаффусдан кейин италияликлар тўпга эгалик қилишда давом этди, аммо меҳмонлар жарима майдонида хавфли вазиятлар у қадар кўп бўлмади. Мезбонлар ўйин охирига қадар тўпни осонлик билан майдоннинг иккинчи қисмида олиб юришди, аммо фойдасиз бўлди. Ўйин охирида Гарсия Улисс ёрдамга келди, ушбу ҳимоячи жарима майдони ичида Доменико Берардини йиқитди, ўйин бош ҳаками Энтони Тэйлор эса видеотакрордан кейин нуқтани кўрсатди.

Жоржиньо икки ой ичида Зоммерга қарши иккинчи дуэлга чиқди. Базелдаги ўйинда дарвозабон италияликларнинг ушбу штатдаги пенальтичисининг зарбасини қайтарганди, бу сафар бироз бошқачароқ бўлди. Зоммер ўзини ишончли тутди, аммо унинг иштирокига ҳожат қолмади. Жоржиньо тўпни дарвоза тўсинидан юқорига тепди, ўйинда ҳисоб ўзгармай қолди - 1:1.

Бу дуранг Италияни гуруҳда биринчи ўриндан маҳрум этолмади. «Скуадра адзурра» сўнгги турда сафарда Шимолий Ирландияни имкон қадар йирикроқ ҳисобда енгиши талаб этилади. Аммо Швейцария уйида ҳеч қандай мотивацияга эга бўлмаган Болгарияни қабул қилади ва бу жамоа тўплар нисбатини яхшилаб олиб, италияликларни турнир жадвалида қувиб ўтиши мумкин. Ҳозирда италияликларда тўплар нисбати икки пунктга яхшироқ.

15 ноябрь. Шимолий Ирландия — Италия, Швейцария — Болгария.

Top