Спорт | 19:00 / 23.12.2022
42243
9 дақиқада ўқилади

Мундиалнинг 10 кашфиёти: Роналдунинг ворисидан икки метрлик австралияликкача

Энди уларга топ-клублар қизиқмоқда.

Қатарда кутилмаган даражада кучли ўйин кўрсатган футболчилар ўнлиги.

Аззедин Унаи, Марокаш

Аззедин Унаи. Фото: Reuters
  • Позицияси: марказий яримҳимоячи
  • Ёши: 22 ёш
  • Клуби: «Анже»
  • ЖЧдаги статистикаси: 7 ўйин
  • Ким қизиқмоқда: «Лестер», «Севилья», «Барселона»

Француз лигасининг барча ихлосмандлари ҳам «Анже»нинг ушбу озғин ҳавбекининг муваффақиятли иштирокини тахмин қилишмаганди. Марокашликлар жаҳон чемпионатида кучли рақиблар — Хорватия, Белгия, Испания, Португалия билан кураш олиб боришига тўғри келди. Аммо Унаи бу ўйинларда майдон марказини ҳеч кимга бермади, шу билан бирга аниқ етиб борувчи узатмалари ва меҳнаткашлиги билан ажралиб турди. Қишда ёки ёзда у яхшигина шартнома эвазига каттароқ клубга йўл олиши тайин.

Софиян Амрабат, Марокаш

Софиян Амрабат. Фото: Reuters
  • Позицияси: таянч яримҳимоячиси
  • Ёши: 26 ёш
  • Клуби: «Фиорентина»
  • ЖЧдаги статистикаси: 7 ўйин
  • Ким қизиқмоқда: «Атлетико», «Ливерпул», «Челси»

Унаининг майдон марказидаги шериги Европада танилиб улгурган — Амрабат уч йилдан ортиқ вақт мобайнида Италия чемпионатида суриб келади, бу мавсумда «Фиорентина» сафида яхши иштирок этмоқда. Аммо жаҳон чемпионати уни ўртамиёна жамоа футболчиси даражасидан сайёранинг энг яхши таянч яримҳимоячиларидан бири даражасига чиқарди. Амрабат турнир давомида ақл бовар қилмас даражада катта ҳажмдаги ишларни бажариб, турнирда бирор дақиқани ўтказиб юбормади. Ушбу ҳавбек учун Европанинг энг жиддий клублари пойга бошлагани бежиз эмас.

Гонсалу Рамуш, Португалия

Гонсалу Рамуш. Фото: Reuters
  • Позицияси: ҳужумчи
  • Ёши: 21 ёш
  • Клуби: «Бенфика»
  • ЖЧдаги статистикаси: 4 ўйин, 3 гол, 1 голли узатма
  • Қаерга ўтиши мумкин: «Манчестер Юнайтед», «ПСЖ», «Бавария», «Ювентус», «Барселона»

Рамушга ўз фамилиясини бутун дунёга танитиш учун биргина ўйин кифоя қилди. Плей-офф босқичи бошлангунига қадар «Бенфика» форварди атиги икки бор ўйин охирида захирадан майдонга тушганди, Швейцария билан ўйинда эса у кутилмаганда бошланғич таркибда Криштиану Роналдунинг жойини эгаллади. Рамуш босимни юз фоизга енгиб ўтди: унинг ҳет-триги Португалия рақибни йирик ҳисобда тор-мор этишини таъминлади, кейинги куниёқ Гонсалу учун топ-клублар даъвогарга айланди. Айтишларича, «Бенфика» ҳужумчисини унинг шартномасида кўрсатилган бадал пулини тўлашга рози бўлган даъвогаргагина сотади, бу эса 120 миллион евро дегани.

Луис Чавес, Мексика

Луис Чавес. Фото: Reuters
  • Позицияси: марказий яримҳимоячи
  • Ёши: 26 ёш
  • Клуби: «Пачука»
  • ЖЧдаги статистикаси: 3 ўйин, 1 гол
  • Ким қизиқмоқда: «Аякс»

Мексика 1986 йилдан буён илк бор жаҳон чемпионати плей-офф босқичига чиқа олмади ва умуман кучсиз ўйин кўрсатди. Жамоада фақат икки футболчи ажралиб турди — барчага маълум дарвозабон Гильермо Очоа ва жамоа моторига айланган ва шу вақтга қадар Европада ўйнамаган ҳавбек Луис Чавес. «Пачука» яримҳимоячиси терма жамоанинг бошқа футболчиларидан фарқли ўлароқ ўйинларда юз фоиз куч билан ўйнади: у ёлғиз ўзи жамоа ҳужумларини бошқарди, ўйин темпини ўзгартирди ва исталган масофага ва мураккаб нуқталарга узатмалар берди. Чавеснинг ўйинидаги гултож эса унинг Саудия Арабистони дарвозасига жарима зарбасидан урган голи бўлди.

Коди Гакпо, Нидерландия

Коди Гакпо. Фото: AFP
  • Позицияси: ҳужумкор яримҳимоячи/ҳужумчи
  • Ёши: 23 ёш
  • Клуби: ПСВ
  • ЖЧдаги статистикаси: 5 ўйин, 3 гол
  • Қаерга ўтиши мумкин: «Реал», «Манчестер Юнайтед», «Ливерпул»

Қатарга Гакпо ўзи тарбияланган Нидерландия чемпионати юлдузларидан бири сифатида ташриф буюрганди. Қатардан эса ҳақиқий юлдуз сифатида учиб кетди. «ПСВ»нинг кўп қиррали форварди аввалдан сайёранинг кучли клублари радарида туради, аммо жаҳон чемпионатидаги ўйинлари билан у ўзига даъвогар бўлганларни ҳаракатга киришишга мажбур қилди — Гакпо гуруҳ босқичидаги ҳар бир ўйинда биттадан гол урди, шу билан бирга ўз техникаси, кутилмаган қарорлари ва ҳужумдаги имкониятлари билан мухлисларга завқ бағишлади. Гакпо «ПСВ» учун каттагина пул келтириб, гигант клуб сафига кетиши тайин, аммо айнан қаергалиги — ҳозирча ноаниқ.

Андрис Нопперт, Нидерландия

Андрис Нопперт. Фото: Reuters
  • Позицияси: дарвозабон
  • Ёши: 28 ёш
  • Клуби: «Ҳеренвен»
  • ЖЧдаги статистикаси: 5 ўйин, шундан 2 таси қуруқ
  • Ким қизиқмоқда: «Аякс»

Жаҳон чемпионатидан олдин Луи ван Гаалда асосий дарвозабон танлови бўйича жиддий муаммо юзага келганди ва у кутилмаган қарор чиқарди: «Ҳеренвен»нинг деярли ҳеч ким танимайдиган, Қатардаги турнирга қадар бирор марта Нидерландия сафида майдонга тушмаган дарвозабони танланди. Ван Гаал тўғри танлов қилганди: беш ўйин мобайнида Нопперт 18 зарбани қайтарди, бу жаҳон чемпионатида Ливакович ва Шченснидан кейинги учинчи кўрсаткич бўлди. «Аякс» аллақачон Андрис учун шартнома тайёрлаётган бўлса ажаб эмас — амстердамликларда айни вақтда бу позиция муаммо бўлиб турибди.

Доминик Ливакович, Хорватия

Доминик Ливакович. Фото: AFP
  • Позицияси: дарвозабон
  • Ёши: 27 ёш
  • Клуби: «Динамо» Загреб
  • ЖЧдаги статистикаси: 7 ўйин, шундан 2 таси қуруқ
  • Ким қизиқмоқда: «Бавария», АПЛ клублари

Ливаковични асл маъносида турнир кашфиётларидан бири дейиш ҳам қийин — у 27 ёшда ва Евро-2020 га қадар ҳам Хорватия термасининг асосий дарвозабони эди. Аммо у 11 метрлик зарбаларнинг кушандаси бўлишини деярли ҳеч ким тахмин қилмаганди. 1/8 финалда Япония билан ўйинда Ливакович ноёб натижани қайд этди — у пенальтилар сериясида японларнинг барча уч зарбасини қайтарди. Бразилияга қарши ўйинда кўрсатган қаҳрамонликлари эса йирик турнирлардаги дарвозабонларнинг мўъжизавий сэйвлари қаторига кирди. Ливакович энди фаолиятида илк бор Хорватия чемпионатини тарк этиши ҳақиқатга яқин.

Сауд Абдулҳамид, Саудия Арабистони

Сауд Абдулҳамид. Фото: Reuters
  • Позицияси: ўнг қанот ҳимоячиси
  • Ёши: 23 ёш
  • Клуби: «Ал-Ҳилол»
  • ЖЧдаги статистикаси: 3 ўйин
  • Ким қизиқмоқда: «Севилья», «Милан», «Ювентус»

Кўпчилик араблар жамоаси гуруҳдаги уч ўйинни ҳам курашсиз бой беришини кутганди, аммо жамоа ўзини яхши томондан кўрсата олди. Эрве Ренар жамоаси чемпион Аргентинани мағлуб этган ягона жамоага айланди, ёш ҳимоячи Сауд Абдулҳамид эса бу ўйинда Мессини яхши қўриқлади ва Европа клублари назарига тушди.

Рицу Доан, Япония

Рицу Доан. Фото: Reuters
  • Позицияси: ҳужумкор яримҳимоячи/вингер
  • Ёши: 24 ёш
  • Клуби: «Фрайбург»
  • ЖЧдаги статистикаси: 4 ўйин, 2 гол
  • Ким қизиқмоқда: «Рома»

«Фрайбург» бундеслигада иккинчи ўринда бормоқда, Япония термаси эса ўлим гуруҳида биринчи ўринни эгаллади, турнирни фақат пенальтилар сериясидаги мағлубият туфайли тарк этди. Бу натижаларда ўнг қанот форварди Рицу Доаннинг ҳиссаси катта. Айнан у немисларга қарши ўйинда захирадан тушганига тўрт дақиқа бўлганида биринчи голни урганди, у испанларга қарши ўйинда ҳам захирадан тушиб, икки дақиқа ичида ўз голини нишонлади. Грандларга қарши ўйинлардаги икки муҳим гол йўқ жойдан келгани йўқ. Айни вақтда Жозе Моуриньо бошқарувидаги «Рома» ушбу футболчини кўз остига олган ва бу ҳали бошланиши.

Ҳарри Суттар, Австралия

Ҳарри Суттар. Фото: Reuters
  • Позицияси: марказий ҳимоячи
  • Ёши: 24 ёш
  • Клуби: «Сток Сити»
  • ЖЧдаги статистикаси: 4 ўйин
  • Ким қизиқмоқда: АПЛ клублари

Австралиялик гигант ҳимоячи турнир гуруҳ босқичида Тунис ва Данияга қарши ўйинларда намунали ўйин намойиш этди. Бу ўйинлардаги икки қуруқ ғалаба яшил қитъа вакиллари сенсацион тарзда гуруҳдан чиқишини таъминлади, плей-оффда эса жамоа бўлажак жаҳон чемпионлари Аргентинага қарши муносиб ўйин кўрсатиб, фақат дарвозабон Райаннинг қўпол хатоси туфайли ютқазди. Эътиборли жиҳати, Қатардаги турнирдан қайтиб, Суттар «Сток Сити» сафида икки ўйинни тўлиқ ўтказиб улгурди. Бундай кучли ва фидойи футболчига премьер-лига клублари эътибор қаратишган.

Мавзуга оид