16:18 / 13.11.2021
9375

Путин Лукашенко назарий жиҳатдан Европага газ етказиб берилишини тўхтатиб қўйиши мумкинлигини айтди

Путиннинг сўзларига кўра, Россиянинг газ транзити билан боғлиқ муаммога дуч келиш ҳолати илгари ҳам юз берган.

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин Беларусь президенти Александр Лукашенко назарий жиҳатдан Европага газ транзитини тўхтатиб қўйиши мумкин деб ҳисоблайди.

“Ростини айтсам, бу ҳақда биринчи марта эшитиб турибман. Охирги вақтда Лукашенко билан икки марта гаплашдим. У бу ҳақда индамади. Аммо бу қўлидан келади. Бу яхшимас ва албатта у билан бу мавзуда гаплашаман”, – деди Путин.

“Лукашенко назарий жиҳатдан олганда Европага газ етказиш йўлини ёпишга буйруқ бериши мумкин, аммо бу транзит шартномасининг бузилиши бўлади. Иш бунгача бормайди деб умид қиламан”, – деб таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг газ транзити билан боғлиқ муаммога дуч келиш ҳолати илгари ҳам юз берган.

“Аммо бу Украина билан бўлганди. 2008 йилда газ нархи ва транзити масаласида украиналик дўстларимиз билан келиша олмагандик. Украина Европадаги истеъмолчиларга мўлжалланган газимизни тўсиб қўйганди”, – дея эслатди Россия президенти.

11 ноябрь куни Беларусь президенти Александр Лукашенко миграцион инқироз фонида Ғарбнинг янги санкцияларига жавобан Европага газ транзитини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди.

“Биз Европани иситяпмиз, улар эса чегарани ёпиш билан таҳдид қилишяпти. У ерга табиий газ берилишини ёпиб қўйсак-чи? Шунинг учун Польша, Литва раҳбарияти ва бошқа боши йўқларга гапиришдан олдин ўйлашни маслаҳат бераман”, – деди у.

Беларусь ва ЕИ мамлакатлари чегарасидаги миграцион инқироз ёзда, Беларусь президенти Александр Лукашенко ноқонуний мигрантлар оқимига қарши курашмаслигини айтганидан сўнг юзага келганди.

Польша чегара хизматида таъкидланишича, 8 ноябрдан бери республика чегараси яқинида 2-4 минггача муҳожир тўпланган. Улар Европа Иттифоқи ҳудудига ўтишга ҳаракат қилмоқда.

Top