14:09 / 17.11.2021
3981

1,6 млрд сўмлик заргарлик буюмларининг почта орқали яширинча олиб кирилишига чек қўйилди

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бош почтампт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари заргарлик буюмларини яширинча олиб киришга уринишлардан бирини фош қилди.  

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Хориждан пойтахтда истиқомат қилувчи фуқаро номига юборилган 3 дона почта жўнатмасида аслида ҳужжатларга мувофиқ жами 74 дона оддий  бижутерия ва қўл соатлари бўлиши лозим эди.

Аммо, жўнатмалар белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, ундаги тақинчоқлар қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металлардан ишланган заргарлик буюмлари эканлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатда 3 та почта жўнатмасида жаҳонга машҳур нуфузли бренднинг тилладан ишланган 664,7 гр оғирликдаги 58 дона заргарлик буюмлари, шунингдек 26 дона қўл соатлари тўхтатиб қолинди. Мазкур тақинчоқ ва соатларнинг аксарияти эса қимматбаҳо олмос тошлари билан безалган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу заргарлик буюмларининг умумий қиймати 1 млрд 593 млн сўмдан ошмоқда. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 

Top