21:25 / 17.11.2021
24326

Арманистон ва Озарбойжон чегарасидаги вазият яна кескинлашди. Жанглар Москва аралашувидан кейин тўхтаган

Сешанба куни Озарбойжон ва Арманистон чегарасидаги вазият кескин тус олди. Арманистон мудофаа вазирлиги Бокуни чегарани бузиб ўтишда айблади, Бокудагилар эса озарбойжонликларнинг позицияларига ҳужум қилинганини айтди. Ереван суверенитетини ҳимоя қилишни сўраб, Москвага мурожаат қилган. Томонлар Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан телефон мулоқотларидан кейин ҳарбий ҳаракатларни тўхтатган.

Архив фото: AZERBAIJAN MINISTRY OF DEFENCE/GETTY IMAGES

8-15 ноябрь кунлари чегарада қуролли тўқнашувлар билан боғлиқ қатор ҳодисалар бўлиб ўтган. Сўнгги кунларда эса тўқнашувлар кўлами кенгайган.

Воқеалар ривожи
16 ноябрь куни тонгда Озарбойжон мудофаа вазирлиги арман ҳарбийлари чегаранинг Келбажар ва Лочин участкаларидаги тепаликларни эгаллаш учун амалиёт бошлагани ҳақида хабар берди. Озарбойжоннинг позициялари йирик калибрли артиллерия қуроллари ва гранатомётлардан интенсив тарзда ўққа тутилиб, икки нафар озарбойжонлик ҳарбий хизматчи яралангани маълум қилинган.

Ўз навбатида, Арманистон мудофаа вазирлиги арман ҳарбийлари чегарадан ўтиб келган озар ҳарбийларининг ҳаракатланишини тўхтатиш учун чора кўргани ҳақида баёнот берган. Шундан сўнг, уларнинг талқинига кўра, Озарбойжон қуролли кучлари маҳаллий вақт билан соат 11:00дан бошлаб чегаранинг шарқий қисмидаги арман позицияларини ўққа тутишга киришган.

Соат 15:00да Озарбойжон мудофаа вазирлиги душман томоннинг танкка қарши қурилмаси ва миномёти йўқ қилинганини маълум қилди. «Чегарадаги вазият кескинлигича қолмоқда, айни вақтда ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда», дейилади хабарда. Арман ҳарбийлари яна бир бор ўз позицияларига ҳужумлар ҳақида хабар берган, аммо тафсилотлар келтирилмаган.

Кейинроқ Еревандагилар соат 16:00 ҳолатига кўра шарқий чегарадаги вазият кескинлигича қолаётгани ҳақида хабар қилди. «Арманистон томонида қурбонлар ва яраланганлар бор, маълумотлар аниқлаштирилмоқда. Шунингдек, Арманистон томони иккита жанговар позициясини йўқотгани маълум», дейилади Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Интернетда тарқалган хабарларда эса арманистонлик ҳарбий хизматчилардан 12 нафари - шартнома асосида хизмат қилувчи етти нафар ва чақириқ бўйича хизматда бўлган беш нафар аскар - Озарбойжон билан чегарадаги жанглар вақтида асирга олингани айтилди. Кечга бориб Арманистон мудофаа вазирлиги бир нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Еревандагилар арманистонликларнинг жавоб ҳужуми натижасида «рақиб шахсий таркиби ва техникалари жиддий йўқотишларга учрагани»ни таъкидлаган.

Россиядан ёрдам сўраб қилинган мурожаат
Чегарадаги жанглар вақтида Ереван Москвага мурожаат қилиб, Арманистон ҳудудини озарбойжонлик ҳарбийлар ҳужумидан ҳимоя қилишни сўрагани маълум бўлди. Бу ҳақда телеэфир чоғида Арманистон хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян айтиб ўтди.

«Арманистон суверен ҳудудига қилинган ҳужум туфайли биз 1997 йилдаги икки томонлама келишувга мувофиқ РФга Арманистон суверен ҳудудини ҳимоя қилиш учун мурожаат қилдик. Ҳозирда расмий мурожаат матни тайёрланмоқда», дея ундан иқтибос келтирган ТАСС.

«Ведомости» нашрининг изоҳ беришича, гап 1997 йил августида президентлар Борис Ельцин ва Левон Тер-Петросян ўртасида имзланган Россия-Арманистон ўртасидаги дўстлик келишуви ҳақида кетмоқда. Ушбу ҳужжатнинг учинчи моддасига кўра, томонлар учинчи томон агрессияси рўй берган ҳолатда бир-бирига ҳарбий ёрдам кўрсатиши ва унга бор имкониятларини ишга солган ҳолда қарши туриши кўзда тутилган. 

Арманистон ТИВ сешанба куни Озарбойжон қуролли кучлари Арманистон республикаси чегарасининг шарқий йўналишида ҳужум қилгани ва мамлакат суверен ҳудудига бостириб киргани ҳақида маълум қилди. Еревандагиларнинг фикрича, Озарбойжон 9 ноябрь куни Россия иштирокида тузилган ва Қорабоғда 44 кун давом этган уруш тўхтатилишига олиб келган уч томонлама келишувни бузган.

Қайд этилишича, Озарбойжон томони ўтган йилги ўша келишувга амал қилиниши туфайли ўз назоратига олинган ҳудуддан туриб зарбалар берган. Ўз навбатида, Озарбойжон ТИВ чегарадаги вазиятнинг кескинлашувини «вазиятни қасддан оғирлаштириш мақсадида»ги «Арманистоннинг навбатдаги ҳарбий-сиёсий провокацияси» деб атади.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги хорижий атташеларни ва халқаро ташкилотлар вакилларини Арманистон билан чегарадаги вазият хусусида хабардор қилган. «Арманистон томонидан қилинган провокация ҳаракатлари тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди», дейилади вазирлик хабарида.

Бу вақтда Арманистон бош вазири Никол Пашинян ватандошларни «Муқаддас ватанни ҳимоя қилишга» тайёр туришга чақирди.

Халқаро реакция
Еврокенгаш раиси Шарль Мишель чегарадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақидаги хабарлардан кейин Озарбойжон ва Арманистонни ўт очишни тўхтатишга ва «зудлик билан деэскалация» ҳолатига қайтишга чақирди.

Мишель телефон орқали Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан мулоқот қилган. Алиев Озарбойжон томони «Арманистоннинг ҳаракатларига нисбатан адекват жавоб қайтаргани»ни билдирган.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам Мишель билан гаплашган ва Озарбойжон ҳукумати «2020 йил 9 ноябрдаги ва 2021 йил 11 январидаги уч томонлама баёнотлар доирасида тузилган келишувларга амал қилмаслик учун қасддан вазиятни кескинлаштираётгани»ни айтган.

«Халқаро ҳамжамият Озарбойжоннинг Арманистон суверен ҳудудига бостириб киришига бефарқ қарамаслиги керак», деган Пашинян.

Шойгу билан мулоқотлар
Кейин вазиятга Москва аралашган.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу сешанба куни телефон орқали Арманистон ва Озарбойжондаги ҳамкасблари Сурен Папикян ва Зокир Гасанов билан гаплашган. Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида айтилишича, Шойгу Ереван ва Бокуни  «эскалация келтириб чиқарувчи ҳаракатларни тўхтатишга чақирган».

Россия мудофаа вазирлиги Шойгу билан ўтказилган мулоқотлардан кейин Озарбойжон ва Арманистон Килисали тоғларидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатганини маълум қилган.

Арманистон мудофаа вазирлиги Россия томони воситачилигида эришилган келишувга мувофиқ соат 18:30дан ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганини маълум қилди.

Шунингдек, Россия президенти Владимир Путин бош вазир Пашинян билан Арманистон-Озарбойжон чегарасидаги вазиятни муҳокама қилган.

Ноябрь ойидаги кескинлашув
Бу 2020 йилнинг ноябрь ойида 44 кунлик уруш тугаганидан бери Арманистон ва Озарбойжон чегарасида содир бўлган энг жиддий тўқнашувга айланди.

Сўнгги ярим йилда бу участкада кичик миқёсли қуролли ҳодисалар рўй бериб турди. 2020 йилда Қорабоғда бўлиб ўтган урушдан олдин арманлар назоратида бўлган Келбажар тумани Арманистоннинг Сюник области билан чегарадош ҳисобланади. Иккинчи Тоғли Қорабоғ урушида Озарбойжон ғалаба қозонгач, айнан шу тумандан чегара ўтказилди.

Озарбойжон икки давлат ўртасидаги янги чегара делимитация ва демаркация қилинмагунча, унинг қаердан ўтганини аниқ айтиш мумкин эмаслигини таъкидлаб келади ва ўз қўшинларини минтақадан олиб чиқишга шошилмайди.

«Интерфакс» агентлиги Арманистон нашрлари хабарларига асосланиб ёзишича, сўнгги кундаги ҳарбий ҳаракатлар икки йўналиш бўйлаб олиб борилган - Жермук (Арманистоннинг Ваойдзор области) ҳамда Сисиан ва Ангехакот (Сюник области), Озарбойжон қуролли кучлари Еревандан Горисга олиб борувчи автойўлни тўсиб қўйишга ҳаракат қилган.

Агар бу йўл ёпилса, Озарбойжон ва Эрон билан чегарадош бўлган Сюник области Арманистоннинг қолган қисмидан узилиб қолган бўларди.

Ноябрь ойида Қорабоғ ва Сюник областининг чегара ҳудудларида вазият кескинлаша бошлади. Томонлар кичик қуролли тўқнашувлар, жумладан қурбонлар ҳақида хабарлар беришди.

Шу йилнинг майида ҳам Озарбойжон ва Арманистон чегарасида нотинчлик юзага келган, ўшанда озарбойжонлик ҳарбийлар Арманистондаги Қора кўл ҳудудига (арман тилида Сев Лич) кириб келиши минтақада яна жиддий эскалацияга олиб келишига бир бахя қолганди. Ереван воқеани «Арманистон суверен ҳудудига тажовуз» деб атаган ҳамда Москва ва КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилганди.

28 июлда ҳам чегарадаги зиддият янгидан авж олган. Ереван озарбойжонлик ҳарбийлар тўлақонли жанговар ҳаракатлар бошлагани ҳақида, Боку эса Арманистон томонидан ўқ узилгани ҳақида хабар берган. Арманистон томони хабарига кўра, отишмада уч киши ҳалок бўлган, тўрт киши яраланган. Боку икки ярадор ҳақида маълум қилган.

Евроосиё таҳлил клуби раҳбари, халқаро масалалар бўйича Россия кенгаши эксперти Никита Мендковичнинг фикрича, Арманистон ва Озарбойжон чегарасидаги навбатдаги кескинлик катта зиддиятга олиб келиши эҳтимоли юқори эмас. «Чунки Россия у ёки бу йўл билан бунинг олдини олади, қолаверса, ҳозирги мавсумда об-ҳаво шароити туташув чизиғида узоқ муддатли позицион ҳаракатлар олиб бориш учун қулай эмас», дейди у РИА Новости мухбирига.

Top