10:09 / 18.11.2021
4363

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик форумида 9 млрд долларлик шартномалар имзоланди

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи арафасида Москва шаҳрида бевосита ва онлайн шаклда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги II ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Тадбир доирасида алоҳида мавзуларда сессиялар ташкил этилиб, уларда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий ривожланиш, рақамли технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт алоқаларини кенгайтириш ҳамда туризмни ривожлантиришга оид муҳим мавзулар кўтарилди.

Шунингдек, тадбир давомида Россия ва Ўзбекистон ҳудудий маъмуриятлари раҳбарлари ўртасида бир қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилди ҳамда аниқ лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Форум доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар якунида умумий қиймати 9 млрд долларга тенг 600та икки томонлама битим, жумладан, 7,4 млрд долларлик 141та инвестициявий лойиҳа ва 1,6 млрд долларлик 455та экспорт шартномаси имзоланди. 

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ташкил этилган қўшма лойиҳа офиси инвестициявий лойиҳаларнинг амалга оширилишини тўлиқ кузатиб боради ва қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари маъмуриятлари истиқболли тармоқларда 75та янги инвестиция лойиҳаси устида иш бошлаши маълум қилинди.

Top