19:31 / 21.11.2021
21258

АҚШ иттифоқчилар билан рус қўшинларининг Украина чегарасида тўпланиши масаласини муҳокама қилмоқда

АҚШ ва иттифоқчилари Россия ҳарбийларининг Украина чегараси яқинида фавқулодда фаоллашувидан хавотирда. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди. Унинг фикрича, рус қўшинларининг охирги вақтлардаги ноодатий чоғланиши бостириб киришга уриниш ҳақида ўйлашга ундайди.

AGENCIA PRESS SOUTH

«Рус аскарларининг Украина чегарасида ноодатий фаоллашуви сабаб бизда жиддий хавотирлар пайдо бўлди. Россия томонидан эшитаётганларимиз, хусусан ижтимоий тармоқларда бўлаётган гаплар чиндан хавотирли. Путиннинг ҳозирги мақсади нима эканини билмаймиз, аммо ўтмишда нима бўлганини унутганимиз йўқ.

Уларнинг услуби бизга маълум. Украина ёки бошқа ҳар қандай давлатнинг гўёки агрессив ҳаракати кейинчалик Россия амалга оширадиган ҳаракатга асос бўлиб хизмат қилади», деди Блинкен Сенегалдаги ташрифи давомида сўзга чиқар экан.

АҚШ ва Британия нашрларининг ёзишича, икки ҳафта аввал Америка разведкаси Киев ва Европадаги иттифоқчилар билан разведка маълумотларини бўлишган. Уларда Россия Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўра бошлагани ҳақида маълумотлар келтирилган. Жума куни АҚШ штаб раҳбарлари бирлашган кенгаши раиси Марк Милли Украина қуролли кучлари раҳбари Валерий Залужнийга телефон қилгани ҳам бу маълумотни тасдиқлаши мумкин.

Шанба куни Қора денгизга Island типидаги, қайта жиҳозланган икки катер сузиб кирган. Бундай катерлардан одатда АҚШ соҳил чегарачилари фойдаланишади. Украина 2019 йилда ҳам шундай типдаги иккита катер олганди.

20 ноябрда АҚШнинг The New York Times газетаси шов-шувли мақола эълон қилди. АҚШ ва Британия разведкаси маълумотлари асосида ёзилгани айтилган мақолада ёзилишича, Владимир Путин Украинадаги янги ҳудудларни эгаллаб олишга ёки у ерларда ўзига ён босувчи раҳбарларни қўйиш орқали вазиятни издан чиқаришга тайёрланмоқда.

Путин чегарадаги кескинликдан мамнун

18 ноябрь куни Россия ташқи ишлар вазирлигида чиқиш қилган Путин Россия армияси Ғарб учун кескин вазият яратганини мамнуният билан таъкидлаганди: «Охирги вақтлардаги огоҳлантиришларимиз ниҳоят ўз сўзини айтди ва бунинг самараси кўринмоқда: у ерда (Ғарбда) кескинлик юзага келди. Бу кескинлик имкон борича узоқроқ вақт сақланиб қолсин, токи улар ғарбий чегарамизда бизга керак бўлмаган бирор можаро чиқаришга уриниб ҳам кўришмасин», деганди Путин.

Ҳарбий таҳлилчиларнинг айтишича, Владимир Путин Россия армиясини сентябрь ойидаёқ жанговар ҳолатга келтиришга буйруқ берган. 16 сентябрь куни беларуслик ҳамкасблари билан «Ғарб-2021» ҳарбий машғулотларини якунлаган россиялик ҳарбийлар кейинчалик ўзининг доимий базаларига қайтмаган ва Украина чегарасига йўл олган.

Қизиғи, ўша вақтда Украина ва АҚШ ҳарбийлари ҳам биргаликда «Rapid Trident-2021» машғулотини ўтказганди. Бу Украинанинг НАТОга кириш йўлидаги муҳим қадам деб айтилганди. Аммо Украинадаги машғулотлар тугагач ҳам Россия ҳарбийларининг жанговар шайлиги  ўзгармади. Қўшимчасига сиёсий майдонда ҳам босимлар давом эттирилди.

Бу йил бўйича Россия ҳарбийларининг Украина билан чегарадаги фаоллашуви иккинчи марта Ғарбда хавотир уйғотмоқда. Баҳорда ҳам шундай ҳолат кузатилган ва фақат ҳарбийларнинг бир қисми ўз жойига қайтарилгач вазият юмшаганди. Аммо ҳарбий таҳлилчилар бир нарсага эътибор қаратмоқда – Россия ҳарбийлари олдинги гал очиқчасига фаоллашганди, бу гал эса фаоллик яширин бўлмоқда ва бу эса анча хавфли.

Россия эса Украина чегарасида ортиқча рус аскарининг ўзи йўқлигини маълум қилиб келади. ТИВ расмий вакили Мария Захарова 17 ноябрь куни Россиянинг Украина билан чегарасида ҳеч қандай қўшимча тайёргарлик ва ортиқча аскар йўқлигини айтганди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top