11:49 / 25.11.2021
5940

Австрия: аҳолининг 65 фоизи эмланган, бироқ локдаун жорий этилди. Энди локдаунлар одамзод билан доим биргами?

Сўнгги ҳафталар давомида Австрия Европа коронавирус харитасидаги “қайноқ” нуқтага айланди. Аҳолининг 65 фоизи эмланганига қарамай, мамлакатда касалланиш ҳам, ўлим кўрсаткичи ҳам тез ўсмоқда. Бироқ эпидемиологик кўрсаткичлардан кўра улар келтириб чиқарган сиёсий инқироз янада кўпроқ эътибор жалб этяпти.

Georg Hochmuth / APA / AFP / Scanpix / LETA

Расмийлар эмланмаганлар учун ҳам, вакцина олганлар учун ҳам оммавий карантинни қайта жорий этди. Бу эса оммавий қаршиликларга сабаб бўлди. Бироқ ҳукумат тўхташ истагини билдирмаяти ва барча фуқаролар учун мажбурий эмланишни жорий этишга тайёр. “Медуза” аҳолининг учдан икки қисми эмланганига қарамай, бу эпидемия устидан ғолиб бўлиш учун етарли эмаслигига ойдинлик киритди.

Австрияда ҳақиқатан ҳам эпидемия даҳшатли даражада авж оляптими? 

Нима билан таққосланишига қараб вазият Ғарбий Европанинг кўплаб мамлакатлари, ҳатто касаллик юқтириш кўрсаткичи юқори бўлган Германияга нисбатан ҳам салбий томонга фарқ қилади. Австриянинг улардан фарқи – ўлим кўрсаткичи нисбатан юқорилиги.

Бироқ Европанинг шарқи ва жануби-шарқида жойлашган мамлакатлар билан таққосланса, Австриядаги вазият анча ижобий бўлиб кўринади (ҳеч бўлмаганда ўлим кўрсаткичи нуқтайи назаридан).

Европа ғарбига қараганда ўлим ҳолати нисбатан юқори экани сабаблари оддий: Австрияда аҳолининг “бор-йўғи” 65 фоизи эмланган, “эски” Европанинг бошқа мамлакатларида эса 70 фоиз ва ундан ортиқ.

Австрияда ўлим кўрсаткичи айниқса юқори бўлган 60 ёшдан катта эмланган кишилар улуши ҳам бирмунча (2-5 фоиз бандга) пастроқ. “Эски” Европанинг навбатдаги эпидемия тўлқини авжига чиққан бошқа мамлакатларига қараганда ўлим кўрсаткичи юқори эканини ана шу омиллар билан тушунтириш мумкин.

Европа шарқи ҳамда Болқонда, аксинча, аҳолининг анча кам улуши эмланган. Болгарияда аҳолининг ҳатто тўртдан бир қисми ҳам эмланишнинг тўлиқ курсини олмаган, ўлим ҳолати эса бу ерда куз фаслида рекорд кўрсаткичга етди.

“Узоқ вақт, жуда узоқ вақт мен ва бошқалар Австрияда одамларни вакцина олишга ихтиёрий кўндира оламиз деб ўйлагандик. Энди эса мажбурий эмланишни жорий этиш – жуда оғир қарорни қабул қилдик”, — деди ўтган ҳафтада мамлакатнинг янги канцлери Александр Шалленберг.

1940 йилда чечакка қарши мажбурий эмланиш жорий этилган эски ҳужжат асосида ишлаб чиқилган қонун 1 февралда кучга кириши режалаштирилган. Унга қадар вакцина олмаганлар учун карантин, яқин 20 кун ичида эса мамлакатнинг жами аҳолиси учун тўлиқ локдаун амал қилади.

Канцлернинг ана шу баёнотига жавобан Австриянинг кўплаб аҳолиси кўчага чиқди; Вена марказида мажбурий эмланишга қарши ўн минглаб норози кишилар тўпланишди. Норозилик акцияларига эмланиш ва карантинга қарши чиқаётган миллий “Озодлик партияси” раҳбарлик қилмоқда. Партия етакчилари яширинча эмланганликда айбланмоқда. Националистлар Европадаги кўплаб мамлакатларда эмланиш даражаси Австрияга қараганда юқори бўлса ҳам фарқ у қадар катта эмаслиги; вакцина олиш кўрсаткичи юқори бўлса ҳам касалланиш даражаси деярли барча ерда ўсаётганини таъкидлаяпти.

Умуман олганда, илгари ЕИ мамлакатлари ҳукуматлари (шунингдек, тиббиёт ташкилотлари, масалан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) эмланганлар кўрсаткичи 65 фоиз бўлиши эпидемияни енгиш учун етарли экани ҳақида гапирганди.

Ҳақиқатан ҳам, шунча одам эмланган бўлса, нима учун вирус енгилмади?

Бу саволга оддийгина жавоб бор: аҳоли учдан икки қисмининг эмланиши ғалаба учун етарли, деган фикр эскирди. 2020 йилнинг ёз фаслида, дунёда 2019 йилнинг охирида Хитойда пайдо бўлган вируснинг “дастлабки” вариантлари тарқалганида мана шу фикр тўғри бўлиб кўринарди. Мазкур вирус учун вируснинг кўпайиш сони 2,5–3да R₀ эди. Қўпол қилиб айтганда, R₀ вируснинг юқумлилик даражасини кўрсатади: ҳар бир касалланган одам ўртача юқтириши мумкин бўлган одамлар сони (иммунитетга эга бўлмаган ва чеклов чоралари бўлмаган популяцияда).

R₀ сони ёрдамида қўпол қилиб айтганда, жамоавий иммунитет остонасини аниқлаш мумкин: вирусга қарши иммунитетга эга бўлган одамлар нисбати, ана шундан кейин эпидемия ўзи йўқ бўлади. Содда моделларда остона баландлигини аниқлаш учун қуйидаги формула таклиф этилади: иммунитетга эга одамлар улуши = 1 − 1 ÷ R₀. Шу тариқа, вируснинг “дастлабки” варианти учун мазкур улуш аҳолининг 60-67 фоизи сифатида аниқланган эди.

Бироқ ўша вақтдан бери вируснинг анча юқумли вариантлари, жумладан, (ҳозирда Европада кўп учраётган) дельта варианти пайдо бўлди. Унинг R₀ ўлчами 6–7 дея баҳоланади. Унинг учун жамоавий иммунитет остонаси анча юқори – 83-85 фоиз.

Австрияда ҳозирда аҳолининг 65 фоизи вакцина олган, бироқ “табиий йўл”, яъни касалликни юқтириш орқали иммунитетга эга бўлган одамлар кўп. Расмий маълумотларга кўра, бундай кишилар 12 фоизга яқин, бошқа ҳисоб-китоблар эса 15 фоизлик натижани бермоқда. Шу тариқа, мамлакат жамоавий иммунитет остонасига яқинлашиши керак. Демак, эпидемия сўниши лозим. Бироқ биз батамом ўзгача ҳолатга гувоҳ бўляпмиз: касалланиш ва ўлим кўрсаткичи тез суръатларда ўсмоқда.

Буни қисман қуйидагича изоҳлаш мумкин: икки гуруҳ – касалланганлар ва вакцина олганлар кўрсаткичи кесишмоқда. Демак, Австрияда иммунитетга эга кишилар умумий сони ҳали ҳам 80 фоиздан анча кам.

Бошқача тушунтириш ҳам мумкин: жамоавий иммунитет концепциясининг ўзи аниқ эмас: ҳар доим алоҳида гуруҳлар (ижтимоий, миллий жамоалардан тортиб алоҳида оилаларгача) мавжуд бўлиб, уларда вакцина олганлар ва касалланганлар ўртача популяцияга қараганда камроқ. Аҳоли вирусдан “ўртача” яхши ҳимояланганда ҳам ушбу гуруҳларда эпидемия давом этиши мумкин.

Ниҳоят, шуни ёдда тутиш керакки, ҳамма иммунитет ҳам касалланиш, оғир касаллик ва ўлимдан ҳимоя қила олмайди. Жамоавий иммунитет остонасини аниқлаш формуласида вакциналарнинг (касалликни юқтиришга қарши) самарадорлиги ва касаллангандан кейин пайдо бўлган иммунитет самарадорлигини ҳисобга олиш керак. Агар ҳар икки ҳолатда ҳам самарадорлик 80 фоиздан ошмаса, у ҳолда эпидемияни бутунлай тўхтатиш учун 100 фоиз иммунитетга эга кишилар ҳам етарли бўлмайди.

ЕИ ва Буюк Британияга оид маълумотлар ҳозирча шуни кўрсатмоқдаки, вакцина олиш юқори кўрсаткичлари ҳам эпидемияни тўлиқ енгиш имконини бермаяпти. Бироқ Европа мамлакатлари маълумотлари (жами аҳоли даражасида) шуни кўрсатяптики, эмланиш ўлим кўрсаткичини пасайтириш имконини беради.

Ушбу вазиятда шундай хулоса қилиш мумкинки, у ёки бу мамлакат ҳукумати соғлиқни сақлаш тизими касалланишлар кўплиги туфайли оғир юк остида қолади деб ҳисобласа, локдаунлар (ҳеч бўлмаганда эмланмаганлар учун) қайта ва қайта жорий этилаверади. Ёки улар ўлим кўрсаткичи паст эканини ҳисобга олиб, қатъий чекловлардан воз кечади. Бироқ ўлимни самарали камайтирувчи эмланиш кенг кўламда амалга оширилмаса, чексиз карантинлардан ўзга чора қолмаслиги аниқ.

Австрияда эса маҳаллий журналист ва политологлар масала шу даражада сиёсийки, аҳолининг қолган 35 фоизини эмланишга ишонтиришнинг “юмшоқ” усуллари қолмади, деб ҳисоблашяпти.

Top