11:14 / 25.11.2021
4119

Ўзбекистон чегараларида наркотик савдоси билан боғлиқ 14,6 млн долларлик контрабанда жиноятлари бартараф қилинди

Ўзбекистонда сўнгги йилларда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ умумий қиймати 14,6 миллион доллар бўлган 100 дан ортиқ йирик контрабанда жиноятлари бартараф қилинди. Бу ҳақда 24 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган халқаро тадбирда қатнашган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маълум қилди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

БМТ Бош котиби ўринбосари, UNODC ижрочи директори Гада Фатҳи Вали, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қатнашган анжуманда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг (UNODC) Марказий Осиё учун 2022-2025 йилларга мўлжалланган дастури имзоланди.

Тадбирда наркотик моддалар савдоси, уюшган жиноятчилик, коррупция ва терроризмга қарши курашда минтақа давлатларига ёрдам кўрсатиш бўйича UNODC дастурининг олдинги босқичи самарали бўлгани қайд этилди ҳамда имзоланаётган дастурнинг трансмиллий таҳдидларга қарши курашишдаги долзарблиги таъкидланди.

«Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш соҳасида ўтган йиллар давомида етарлича ҳамкорлик тажрибалари тўпланди. Умумий суммаси 15 миллион долларга яқин бўлган миллий ва минтақавий характерга эга лойиҳаларни амалга оширилгани бунинг ёрқин мисоли бўла олади. Идоралараро мобил гуруҳ, чегара ҳамкорлик идораси ва 3 порт назорати пунктларининг очилиши натижасида 100 дан ортиқ, умумий қиймати 14,6 миллион доллар бўлган контрабанда жиноятлари бартараф қилинди», деди Абдулазиз Комилов.

Шунингдек, вазир ўз нутқида асосий қурбони мигрантлар бўлаётган одам савдоси, коррупцияга қарши ҳамда экстремизм ва терроризмга қарши курашда миллий ва халқаро даражада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.

Бундан ташқари, 24 ноябрь куни Абдулазиз Комилов БМТ Бош котиби ўринбосари, UNODC Ижрочи директори Гада Фатҳи Вали билан алоҳида учрашув ҳам ўтказди.

Top