15:10 / 27.11.2021
8252

Мактаблар етишмовчилиги муаммосини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди

Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари жами 5 млн.дан ортиқ ўқувчи ўрнига мўлжалланган, бироқ уларда 6,2 млн.дан ортиқ бола ўқияпти. ХТВ прогнозига кўра, келгуси 5 йилда мактаб ўқувчилари сони 7,5 млн.га етади.

Мактабларда ўқувчи ўринлари етишмаслиги бўйича тузилган ишчи гуруҳ республиканинг барча ҳудудларида ўрганиш олиб бормоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабар берилишича, бугунги кунда республикада 5 млн.дан ортиқ ўқувчи ўрнига мўлжалланган 10 130 та мактабда 6 млн 246 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Вазирлик прогнозлари келгуси 5 йилликда мактаб ўқувчиларининг кутилаётган сони 7,5 млн.га етишини кўрсатди.

“Мактабларда ўқувчи қуввати етишмаслиги оқибатида юзага келаётган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида келгуси беш йилликда ҳудудларда янги барпо этиладиган уй-жой массивларида янги мактаблар қурилишини, қувватига нисбатан ўқувчилар сони кўпайиб кетган ва ўқувчилар сони кескин ўсиши кутилаётган мактабларга қўшимча ўқув биноларини қуришни (ҳудуддаги мактаб ёшидаги болалар сонининг демографик ўсишини ҳисобга олган ҳолда), шунингдек, мактаб филиалларини тўлақонли мактабларга айлантириш ишларини жадаллаштиришни талаб этади.

2022 йилда юртимизда жами 306 та умумтаълим мактабини: 15 176 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 37 та мактаб қуриш, 71 819 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 180 та мактабни реконструкция қилиш ва мавжуд 89 тасини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.

Ҳукумат топшириғига биноан ҳолатни ўрганиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ бугунги кунда республиканинг барча ҳудудларида мактаблар ва ўқувчилар сони юзасидан маълумотларни ўрганмоқда”, дейилади хабарда.

Халқ таълими вазири томонидан ҳам янги барпо этилаётган уй-жой массивлари ҳудудида янги мактаб биноларини барпо этиш, қувватига нисбатан ўқувчилар сони кескин ошиб кетиши кутилаётган мактабларга қўшимча ўқув биноларини қуриш ҳамда таъмирталаб мактабларни таъмирлаш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган манзилли дастурни шакллантириляпти.

Таъкидланишича, ишчи гуруҳ ҳамда вазирлик томонидан ўрганишлар юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш режаси ишлаб чиқилади. Бунда ўқув биноси қуришда зарур бўлган 1,2 млн ўқувчи ўрни ҳам инобатга олинади ва мавжуд мактабларни мукаммал таъмирлаш бўйича манзилли режа-дастурлар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

Top