15:09 / 28.11.2021
7842

Шавкат Мирзиёев Ашхободда Покистон ва Тожикистон президентлари билан учрашув ўтказди

Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида яна бир қатор давлат раҳбарлари билан учрашув ўтказиши кутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш, шунингдек, қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш учун 28 ноябрь куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб турибди. Давлат раҳбари дастлаб Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокара ўтказиб, икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Покистон президенти Ориф Алвий билан учрашув ўтказди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат давомида Ўзбекистон—Покистон кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Шериклик алоқалари, энг аввало иқтисодиёт йўналишида жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Минтақа кун тартибидаги долзарб масалалар, шу жумладан, Афғонистонда вужудга келаётган вазият муҳокама қилинди.

Покистон президентидан сўнг Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан ҳам учрашув ўтказди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон—Тожикистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиққан. Кенг кўламли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим экани қайд этилган.

Шунингдек, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа устувор соҳаларда истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Етакчилар Марказий Осиё минтақасидаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан ҳам фикр алмашган.

Top