07:37 / 02.12.2021
5706

Вазирлар Маҳкамасининг сув муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилди

Фото: Kun.uz

2021 йил 30 ноябрдаги қонун билан “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Вазирлар Маҳкамасининг сув муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилди. Хусусан бу: сув хўжалигини ривожлантириш, сувдан оқилона фойдаланиш, сувдан самарали фойдаланиш, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, сув ва сувдан фойдаланишга доир бошқа дастурларни тасдиқлаш; сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини тасдиқлаш.
 
Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сув муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари қуйидагилар билан тўлдирилди: сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича аниқ йўналтирилган рўйхатларни шакллантириш ва тасдиқлашда, шунингдек уларнинг амалга оширилишини назорат қилишда кўмаклашиш; сув истеъмолчилари уюшмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлаш ҳамда тиклаш, томорқа ерларига сув етказиб бериш тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш.
 
Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини қуйидагилар амалга оширади: маҳаллий давлат ҳокимияти органлари; Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси; Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси; Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси; Соғлиқни сақлаш вазирлиги; Сув хўжалиги вазирлиги; Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси.

Сув истеъмолчилари уюшмаларининг фаолиятини молиялаштириш ўз аъзоларининг ҳар йиллик аъзолик бадаллари, шартнома асосида сув етказиб берганлик ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Сув истеъмолчилари уюшмалари сувдан фойдаланиш қоидалари бузилган, сувдан мақсадсиз фойдаланилган тақдирда, шунингдек лимитдан ортиқча сув олинган, аъзолик бадаллари, сув етказиб берганлик ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар ўз вақтида тўланмаган тақдирда, қонуннинг ҳамда шартнома шартларининг аниқланган бузилишлари бартараф этилгунига қадар сув истеъмолчиларига сув етказиб беришни тўхтатишга ҳақли.
 
Аниқлаштирилишича, сув объектлари ёки уларнинг қисмлари сувдан фойдаланиш объектлари бўлиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда ДХШ принциплари ҳамда бошқа шартлар асосида фойдаланишга берилиши мумкин, бундан сув омборлари, сел-сув омборлари, шунингдек йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари мустасно.

Top