18:20 / 08.12.2021
6424

ДХХ республика бўйлаб 24 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситаларини мусодара қилди

Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан жами 5 кг 450 гр «опий», 19 кг 210 гр «гашиш» ҳамда 2990 дона «Трамадол» гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда Фарғона шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро бошқарувидаги «Спарк» русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Текширув натижасида машинанинг салон қисмида 4 кг 459 гр «опий» ва 2 кг 975 гр «гашиш» гиёҳванд моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Терговга қадар текширув давомида у аввалроқ жиноий шеригига 7 кг 969 гр «гашиш» моддаси берганлиги аниқланиб, ушбу наркотиклар ҳам тегишли тартибда олиб қўйилган.

Яна бир ўтказилган тадбир натижасида эса 1973 йилда туғилган икки нафар фуқаронинг Фарғона шаҳридаги яшаш манзилида 1 кг 110 гр «гашиш» ҳамда 991 гр «опий» моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, тадбир давомида улардан наркотик сотиб олиш учун Марғилон ва Қўқон шаҳарларидан келган икки харидор ҳам қўлга олинди.

ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари Хўжаобод туманидаги «Дўстлик» халқаро назорат ўтказиш пунктида ўтказган тадбирда Андижон туманида истиқомат қилувчи, 1988 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаронинг «Спарк» автомашинасида 6 кг 109 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилди.

ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда Учкўприк туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги автотранспорт воситаси «Умакай» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада автомашинада хўжалик молларини ўлчашга мўлжалланган тарозига хуфиёна жойлаштирилган 1 кг 47 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланди. Шунингдек, унга ушбу гиёҳвандлик моддасини бериб, ортидан кузатиб келаётган жиноий шериги, Денов туманида истиқомат қилувчи, 1973 йилда туғилган, муқаддам «героин» моддаси савдоси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган фуқаро ҳам ҳибсга олинди.

ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимларининг Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида Элликқалъа туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган муқаддам судланган фуқарода 2990 дона «Трамадол» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 5 кг 450 гр «опий», 19 кг 210 гр «гашиш» ҳамда 2990 дона «Трамадол» гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган. Шунингдек, барча ҳолатлардаги гиёҳвандлик воситалари келгусида сотиш мақсадида қўшни давлатлардан контрабанда йўли билан олиб ўтилгани таъкидланади.

Мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top