15:50 / 17.12.2021
15086

PayPal компанияси, IT’да муваффақиятли карьера қилиш – Оғабек Йўлдошев билан суҳбат

Uzbek.life жамоаси хориждаги ватандошларимиз билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз АҚШдаги нуфузли PayPal компанияси дастурчиси Оғабек Йўлдошев.

Лицейда ўқиб юрган вақтларим 7,5 IELTS олганман

Хоразм вилоятида туғилганман, лекин 5-6 ёшларимда Тошкентга кўчиб келганмиз. Лицейда ўқиб юрган вақтларим 7,5 IELTS олганман ва ўша пайтдаёқ ўқув марказида инглиз тилидан дарс беришни бошлаганман. 

Тошкентдаги Вестминстер университетида “Business information system” йўналишида, ундан кейин АҚШда “Computer science” бўйича магистратурани ҳам тамомлаганман. Дастурчилик соҳасида 5 йиллик иш тажрибасига эгаман. Ҳозир PayPal компаниясида “Software engineer” сифатида ишлайман.

Болалигимда дипломат бўлишини хоҳлардим

Магистратурада таҳсил олиш ва тажриба орттириш учун Қўшма Штатлар мен учун энг яхши танлов бўлган деб биламан. Сабаби, бу мамлакатда IT соҳаси жуда яхши ривожланган. Бакалаврда олган билимларимни мустаҳкамлаш учун ҳам ўқишимни давом эттиришим кераклигини тушуниб етганман. 

Очиғи, менда дастурлаш соҳасига қизиқиш Весиминстер университетида таҳсил олаётган вақтимда пайдо бўлган. Болалигимда эса дипломат бўлишини хоҳлардим. Лекин шуни тушундимки, кун келиб мақсадлар ҳам, режалар ҳам ўзгариб кетиши мумкин. Дастурчилик соҳаси янгилик яратиш билан боғлиқлиги учун ҳам менга ёқади. 

Бир кунда Мичигандаги компаниядан иш топганман

АҚШда магистратуранинг биринчи йили давомида яхши ўқисангиз, яъни барча талабларни бажарсангиз, 2-курсдан сизга масофавий ўқишга рухсат беришади. Сизда ишлаш имконияти пайдо бўлади. Таълим жараёнида ишга кириш ва интервьюдан яхши  ўтиш учун педагоглар талабаларни тайёрлаб боришади. Қизиқарлиси, бир кунда Мичиган штатидаги ўрта даражадаги компаниядан иш топганман. Яъни, Job интервьюдан ўтиб, ишга қабул қилинганман. Суҳбат давомида асосан дастурлаш бўйича билимларимни текширишган, бундан ташқари жамоа билан ишлай олиш қобилиятим, тил билиш даражам ва муаммоларни қандай ҳал қилишим ҳақида сўрашган.

“Агар Айовага кетаётган бўлсангиз, қалинроқ кийиниб олинг”

Виза олиш жараёнимда жуда қизиқарли воқеа бўлган. Интервьюда ҳамма саволларга жавоб берганман ва мендан интервью олган инсон ҳам айнан мен кетаётган жойдан экан. Суҳбат тугагандан кейин у менга “Агар Айовага кетаётган бўлсангиз, қалинроқ кийиниб олинг. Бизнинг шаҳар анча совуқ”, – деб менга виза учун рухсат берганди. Жуда хурсанд бўлиб, элчихонадан чиқиб кетганман. Лекин ўша куниёқ менга телефон қилиб, қайта интервьюга келишим кераклигини айтишган. Орадан 3 кун ўтиб, мен қайта интервьюга, бошқалар эса визасини олишга элчихонага келишган. Бу галги интервью анча чуқур, саволлар ҳам бир неча баробар юқори даражада бўлган. 30 дақиқа давом этган суҳбатда нима сабабдан Америкага кетаётганим, мақсадим, оилам, ижтимоий ҳаётим – барчаси ҳақида тўлиқ маълумотларни сўрашган. Виза учун суҳбатга кирганда алдамаслигингиз, бор ҳақиқатни айтиб, ўз ҳолатингиз ва мақсадингизни тушунтирсангиз, виза олишда муаммо бўлмайди. Шундай қилиб бу гал ҳам интервьюдан виза учун  рухсат олиб чиққанман. 

PayPal’да маошлар 500 000 АҚШ долларигача

PayPal компанияси – тўлов системаси бўйича иш фаолиятини олиб боради. Лекин бундан ташқари, бошқа кўплаб молиявий сервис химатларини ҳам кўрсатади. Ўзбекистонда PayPal бўлмагани учун унинг хизматлари машҳур бўлмаслиги мумкин. PayPal’нинг бошқа компания хизматларидан фарқли жиҳатларидан бири бу хизмат сифати ва хавфсизлиги юқори даражада таъминланади. 

Covid-19 сабаб менда компания офисига бориб ишлаш имконияти кам бўлди. Лекин компания учун ходимларининг ижтимоий ҳаёти жуда муҳим. Ҳафтада 5 кун, яъни душанбадан жумагача 8 соатдан ишланади. Яхши томони эса, агар зарур ишингиз чиқиб қолса, бемалол рухсат сўраб, ишларингизни битириб келсангиз ҳам бўлади. Йил давомида эса 20 дан ортиқ дам олиш кунлари бор, бундан ташқари 18 кунлик ҳақ тўланадиган дам олиш кунлари ҳам бўлади. PayPalкомпаниясида ойлик маошлари 500 000 АҚШ долларигача. Бу иш тажрибаси, бажараётган иши ва даражаси қараб белгиланади. Масалан, мендек 3-5 йиллик иш тажрибасига эга бўлган ходимлар тахминан 150 000 АҚШ доллари ва ундан кўпроқ маош олишади. Шунингдек, иш давомида турли хил бонуслар ҳам берилади.

Ёш дастурчиларга тавсияларим

Агар сиз бирон-бир мақсадни кўзлаган бўлсангиз, ўша йўлни босиб ўтган инсонларни излаб топинг ва улардан маслаҳат олинг. Чунки улар босиб ўтган йўлдаги тўсиқларни яхши билишади. Бошқаларни хатосидан ўрганиш нисбатан осонроқ деб ҳисоблайман. Албатта, ўз яқинларимга қандай тавсия берган бўлсам, ёш дастурчиларга ҳам худди шундай ўз тавсияларимни бераман. IT соҳасига қизиқсангиз ўзингизни синаб кўринг. Биринчидан, сизда яратувчанликка интилиш ва муаммоларни ечиш қобилияти бўлса, бу соҳа айнан сиз учун. Иккинчидан эса, дастурчи бўлиш учун сиздан сабр талаб қилинади. Ҳеч ким ҳеч бир нарсага осонликча эришмайди. Ҳозир ҳам менда қийинчиликлар бўлиб туради, чунки ўрганган сари янги билимлар келиб чиқаверади. 

Учинчиндан, ўзингизда мантиқий фикрлашни ривожлантиришингиз керак. Албатта, дастурчи бўлишда математика энг муҳим омил эмас, лекин бу фанни яхши билиш, сизга ҳар доим ёрдам беради. Юқоридаги билим ва қобилиятларга эга бўлган инсонлар бемалол ўзларида техник билимларни шакллантириш орқали яхши дастурчи бўла олади. Ўзингиз учун яхши устоз топинг ва у инсоннинг хатолари ва тажрибаларидан ўргансангиз яхши натижага эришасиз.

Ёш дастурчиларга йўл-йўриқ кўрсатишни хоҳлайман

Менда таълимга қизиқиш кучли бўлгани сабаб Ўзбекистондаги ўқув марказлар билан ҳамкорлик қилишни ният қилганман. Ёш дастурчиларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва уларнинг нуфузли компанияларда иш бошлашларида кўмаклашни хоҳлардим. Фикримча, дастурлаш соҳасига энди кириб келаётган ёшларни рағбатлантириш керак. Ўзбекистонда IT соҳаси бўйича янги лойиҳалар қилмоқчиман. Албатта, бу борада ўйлаб қўйган ниятларим бор.

Машҳура Раҳмонова суҳбатлашди.

Top