19:11 / 21.12.2021
6567

Президентнинг очиқликка доир фармони мажбуриятларини бажармаган ҳудудлар саналди

Коррупцияга қарши кураш агентлиги вазирлик ва идораларнинг очиқлик соҳасидаги мажбуриятларга тўлиқ риоя этилиши ҳамда амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг ижро ҳолати юзасидан ўрганишларни тақдим қилди. Маълум қилинишича, маҳаллий ҳокимликлар очиқликка доир президент фармонида кўрсатилган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни расмий веб-сайт ва бошқа ахборот ресурсларида жойлаштириб бориш бўйича жиддий нуқсонлар мавжуд.

«Жорий йилнинг 3-чораги якунлари бўйича ўрганишларимизда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур мажбуриятларини умуман бажармаганлиги аниқланган.

Шунингдек, фармон талабларига мувофиқ 2021 йил 1 декабрдан бошлаб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари маҳаллий телеканаллар, шунингдек, интернет тармоғида жонли эфирга узатилиши кераклиги келтирилган. Бу бўйича ҳам ижобий ўзгаришларни кузатишимиз мумкин. Ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлислари доимий равишда республика телеканаллари ва ижтимоий тармоқлар орқали жонли трансляция қилина бошланди.

Шунингдек, 16 декабрдан бошлаб халқ депутатлари вилоят кенгашлари сессиялари ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий телеканаллар орқали эфирга узатилмоқда. Унда вилоят ҳокимларининг йил якунлари ва келгуси йилга мўлжалланган режалари юзасидан ахбороти тингланмоқда. Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан ташқари барча халқ депутатлари вилоят кенгашлари сессиялари агентлик томонидан мониторинг қилиб борилди. Иккита ҳудудда Кенгаш сессияси 22 ва 24 декабрь кунлари белгиланган.

Шунга қарамай, айрим ҳудудларда фармон талабларини бажаришда айрим камчиликлар кузатилмоқда. Мисол учун, куни кеча халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 2021 йил 20 декабрда ўтказилган навбатдан ташқари сессияси маҳаллий телеканал ёки интернет тармоғида жонли эфирга узатилиши таъминланмади», дея Акмал Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, президент фармони талабларининг туман даражасидаги ижроси ҳам қониқарли эмас.

«Мисол учун, жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлган Халқ депутатлари Сергели тумани Кенгаш раиси, туман ҳокимига 35 млн. сўм миқдоридаги устама ҳақи тўлаш ҳақидаги 2021 йил 1 декабрдаги қарори, шу кундаги сессия нега жонли эфирда трансляция қилинмагани қизиқ. Ёки, маҳаллий бюджетнинг 3-чорак даромадлар режасини орттириб бажарилган қисмини очиқ эълон қилиш, умуман фармоннинг бошқа талаблари ижроси ҳолати қониқарли деб бўлмайди.

Ёки, Фарғона шаҳри ҳокимлиги томонидан мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар масофавий ўрганилганда, фармон ижроси деярли бажарилмаганини кўриш мумкин.

Ўйлаймизки, бу жараёнлар жамоатчилик учун очиқ бўлганида бу каби кўплаб саволлар туғилмаган бўларди. Чунки, ушбу устама тўловлари ҳокимга йил бошидан бери тўланмай келгани учун йил якунида бирйўла ўтказиб берилган. Мана шу жараёнларни энг камида қизиқиш билдирган туман аҳолиси кўра олиши керак», деган агентлик раҳбари.

Жорий йилнинг июн ойида «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони имзоланган эди.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатларига доир маълумотлар расмий интернет манбаларида очиқлаб борилиши белгиланган. 

Top