13:18 / 22.12.2021
8654

Хизмат сафарлари ва хорижлик меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ҳалиям очиқланмаяпти — Антикоррупция

Вазирлик ва идораларнинг 70 фоизи ходимларнинг хизмат сафарлари ва хорижлик меҳмонларни кутиб олиш харажатларини ўз сайтларига жойлаштирмаган. Бу билан улар президент фармонига амал қилмаяпти.

Фото: KUN.UZ

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги очиқликка доир президент фармони ижроси юзасидан мониторинг ўтказди. Бу ҳақда агентлик директори Акмал Бурҳонов маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

10 декабрь ҳолатига, 135 та вазирлик ва идоранинг 92 таси хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштирмагани аниқланган.

Шунингдек, республикадаги 72 та давлат органи ва ташкилоти ўз тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар порталига ўз вақтида жойлаштирилишини таъминламаган бўлса, 18 таси порталда ҳали шахсий кабинет ҳам очмаган.

“Мисол учун, 100 фоиз улуши Давлат солиқ қўмитасига тегишли бўлган “Humson sanatoriysi” давлат унитар корхонаси ёки “G’azalkent” соғломлаштириш маркази каби кўчмас мулклар Қўмитанинг расмий веб-сайтида ёки Очиқ маълумотлар порталидаги саҳифасида эълон қилинмаган. Ваҳоланки, фармон талабларига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ очиқланиши лозим.

Яна бир мисол, Давлат статистика қўмитасининг юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар базасида 100 фоиз улуши Адлия вазирлигига тегишли бўлган Бўстонлиқ туманида жойлашган “Олмос” дам олиш маскани (“Konvension markaz majmuasi direksiyasi” УК) ҳақидаги маълумот вазирлик томонидан расмий веб-сайтда ҳамда Очиқ маълумотлар порталидаги эълон қилинган маълумотларда акс эттирилмаган”, – деди 21 декабр куни Сенатнинг очиқлик қўмитасида ҳисоб берган аксилкоррупцион орган раҳбари.

Акмал Бурҳоновга кўра, 2021 йилда Ўзбекистон Халқаро ҳуқуқ устуворлиги индексининг “Ҳукуматнинг очиқлиги” йўналишида 139 та мамлакат орасида 127-ўринни эгаллаган.

Шунга мувофиқ, Агентлик томонидан ўтказилган комплекс таҳлил натижалари “Ҳукуматнинг очиқлиги” омили бўйича Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашига киритилган.

Акмал Бурҳонов ушбу йиғилишда президентнинг очиқликка доир фармони мажбуриятларини бажармаган ҳудудларни ҳам санаб ўтди.

Top