16:13 / 27.12.2021
20984

Янги муфтий. Ўзбекистонлик мусулмонлар ундан қандай ўзгаришлар кутиши мумкин? | Нуриддин Холиқназаров билан интервью

«Муфтийлик – жуда оғир ва масъулиятли иш. Уни ҳеч ким ўзи хоҳлаб қабул қилолмайди», – дейди муфтий Нуриддин Холиқназаров.

Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг янги раиси билан интервью уюштирди.

— Муфтийлик вазифасига киришар экансиз, олдингизда қандай вазифалар турибди, деб ҳисоблайсиз? Мусулмонлар бугун сиздан нималарни кутишга ҳақли ёки аксинча?

— Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду саноларимиз бўлсин. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга саловату саломларимиз бўлсин. Гўзал бир диёр ва ажиб бир қавм ичида, мўмин-мусулмонлар билан ишлашни, уларга хизмат қилишни насиб қилиб турибди.

Муфтийлик – жуда оғир ва масъулиятли вазифа. Бошқа вазифалардан фарқли, уни ҳеч ким ўзи хоҳлаб қабул қилолмайди. Бу, энг аввало, Аллоҳнинг инояти ва биздаги уламолар кенгашининг эътирофи, қарори билан қабул қилинади.

Тўғрисини айтаман, бу вазифани менга ишонишларини кутмаган эдим. Чунки унга мендан кўра ҳақлилар, мендан кўра муносиблар бор деб ўйлагандим. Аллоҳнинг тақдири экан.

Муфтийликни қабул қилиб олар эканман, Аллоҳдан уни бажаришда мададкор бўлишини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган шариат мезонларининг вориси ўлароқ уни халқимизга чиройли тарзда етказувчи қилишини сўрадим.

Ҳар бир киши янги ишга киришаётганда олдига мақсадлар қўйгани каби, муфтийликка киришаётганда ҳам олдимга мақсадлар қўйдим. Биринчи мақсадим – бугунги Ўзбекистонда ҳамма соҳада бўлаётгани каби Диний идорада ҳам ислоҳотлар қилсак. Қолаверса, кўпчилик мусулмонлар анчадан бери кутиб турган кўплаб масалалар ҳам бор.

Агар эътибор берсак, охирги йилларда дин йўналишидаги ислоҳотлар бизнинг кўп йиллик орзуларимиз эди. Бундан фойдаланишимиз керак.

Мен уламолар кенгашининг ишончи ва халқимиз қўяётган вазифаларни оқлаш, бажариш учун бор билим, салоҳият ва имкониятимни ишга соламан. Аллоҳ ўзи муяссар қилсин.

— Муфтийликка сайланар экансиз, бу борада жамоатчиликнинг турли фикр ва баъзан танқидларини ҳам кўрдик. Қандай қарайсиз мана шундай танқидларга?

— Динимизда ҳар бир гапни асос билан гапириш буюрилади. Шу ўринда аввалги муфтийимиз Усмонхон Алимов домлани эслаб ўтсак. Халқимиз, бутун тизим у кишига ўрганиб қолганди. Лекин Аллоҳнинг тақдири экан, ҳазрат оламдан ўтди. У кишини Аллоҳ раҳмат қилсин.

Усмонхон домла оламдан ўтгандан кейин биз бу вазифага ким келишини ўйлаб юрдик. Шу орада турли муносабатлар ҳам билдириб турилди. Уларни ўзим ҳам кузатиб бордим.

— Бу орада сизни бир неча бор президент сафарларида унинг ёнида кўрдик. Шундан кейин бу вазифага келишингиз ҳақида кўпчилик гапира бошлади.

— Бу табиий. Мен Тошкент шаҳар бош имом хатиби сифатида аввал ҳам президент билан йирик тадбирларда бирга бўлардим. Шунинг учун ўртада бу вазифа табиий равишда менга ўтиб қолди.

Қолаверса, Мусулмонлар идорасида вақтинча раис бўлиб турган Ҳомиджон Ишматбеков домла тажрибамни инобатга олиб, шундай тадбирларда ўзингиз бўлиб, дуо қилиб туринг деганди.

Тўғри, ҳаммада ҳар хил фикр-мулоҳаза бўлади. Муфтийликка тайинланарканман, жамоатчиликнинг бунга муносабатини кўрдим. Халқимиздан миннатдорман, кўпчилиги ижобий қабул қилди. Танқид қилганлар ҳам бўлди, аммо, менимча, улар кўп эмасди.

Танқид доим бўлган. У шундай нарсаки, бир одамни айбини қидириш, топгач шуни оммага қўполлик билан чиқариш ва киши қалбини оғритиш орқали муаммони бартараф қилиш мумкин.

Иккинчиси, насиҳат. Бунда кишининг айби кўрилганда, унинг кўнглига тегмайдиган қилиб ўзига етказилади. Кейин ўша одамнинг ўзига тавсия бериб, муаммо бартараф қилинади.

Динимизда кўпроқ насиҳат қабул қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам «Дин бу – насиҳатдир» дейди. Ҳаммамиз ҳам бир-биримизга насиҳат қилиш ҳаққига эгамиз. Шунинг учун табиий насиҳатлар бўлса, буни қабул қиламиз. Уни қабул қилмаслик, кибрга айланиб қолади.

Ҳозир ижтимоий тармоқларда ҳамма танқидчи. Лекин одамлар билиши керакки, бирор соҳани тўла ўрганмай, шу соҳада етарли билимга эга бўлмай ва таҳлил қилмай туриб, кимнидир танқид қилиб бўлмайди.

Аллоҳ бизга яхши ниятли инсонларнинг тилаклари ижобатини амалга оширишни насиб айласин.

— Эътиқод ва виждон эркинлиги бугун турли халқаро конвенциялар, қолаверса, Ўзбекистон конституцияси билан кафолатланади. Лекин мен мазмунига жиддийроқ киришни истаган яна бир масала борки, сизнингча, диний эркинлик ўзи нима?

— Виждон ва диний эркинлик тўғрисидаги атамалар кейинроқ пайдо бўлди. Қолаверса, БМТнинг айни шу масалада алоҳида резолюциялари бор.

Умуман, дунёвий давлатларнинг барчасида инсонларнинг динга бўлган муносабати кўрсатилади. Фикримча, виждон ва дин эркинлиги деганда дунёвий давлатда, конституцион тузумда яшаётган ҳар бир кишининг ўз динида белгиланган шаръий тартибларга бемалол амал қилиш эркинлиги тушунилади.

— Марказий Осиё ва хусусан, Ўзбекистонда ислом дини бир неча асрлардан буён яшаб келмоқда. Сизнингча, бугун ўзбек мусулмонининг портрети қандай бўлиши керак?

— Аслида, исломда бирор миллат алоҳида юқорига кўтарилмайди. Унда араб мусулмони, форс мусулмони ёки ўзбек мусулмони деган тушунча йўқ. Фақат уммат бўлади. Биз барчамиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларимиз.

Аллоҳ Қуръони каримда айтадики, «Биз сизларни бир эркак, бир аёл сифатида яратдик ва турли миллатларга бўлдикки, бир-бирингизни танишингиз ҳамда яхши муомалада бўлишингиз учун».

Аллоҳ таоло, шунингдек, бир мезон белгилади. Ким Аллоҳнинг наздида энг мукаррам, энг улуғ? У яна айтяптики, Аллоҳнинг ҳузурида энг мукаррами Аллоҳдан энг кўп қўрқадиган тақводорлардир. Шундай экан, биз бугун Аллоҳдан қўрқиб, тақвода бўлишимиз керак.

Иккинчидан, ҳам мусулмон ва ҳам шу юртнинг фарзанди ўлароқ, инсонлар ўзининг миллий урфи, одати ва анъанасини унутмаслиги керак.

Мен бугун ўзбек мусулмони деганда, қадимдан келган, аждодлар қолдирган меъросини қаттиқ ушлаган, динига амал қилган ва шунингдек, тили ва маданиятини сақлайдиган кишини тушунаман. Ҳақиқий мусулмон ўзбекда шуларнинг ҳаммаси уйғунлашган бўлади.

— Шу маънода, мусулмонларга йўлбошчилик қиладиган бугунги ўзбек имомининг портрети қандай бўлиши керак?

— Ажиб бир савол. Бу – бугуннинг муҳим саволи. Имамуна – амамуна дейишади. Имомлар – бу бизнинг пешволаримиз. У ўзининг кўриниши, юриши, қўйингки, ҳамма томонлама намуна бўлиши керак.

Бугунги имомлар биринчи навбатда ўқимишли ва маданиятли инсонлар бўлиши керак. Улар, шунингдек, ўзининг гапига ўзи амал қилувчилар бўлиши керак.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Абдуқодир Тўлқинов.

Top