09:28 / 28.12.2021
23195

«Тузалмайдиган» таълим тизими: Карманалик ўқитувчиларга қиммат китоб, «карман»га бир машина пули

Навоий вилояти Кармана тумани ХТБ Халқ таълими вазирлигининг баёнотига зид равишда чет тили ўқитувчиларига тарқатилаётган 1 млн сўм маблағни нақд кўринишида бериб, бозор нархи 60 минг сўм бўлган китобни 483 минг сўмдан пулламоқчи бўлмоқда.

Kun.uz ушбу масала борасида кичик журналистик суриштирув ўтказди.

Хорижий тил ўқитувчиларига нега пул берилмоқда?

2021 йил 20 майда президентнинг «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.

Мазкур қарорда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчиларига давлат бюджетидан замонавий адабиёт, дарслик ва ўқув қўлланмаларини сотиб олиши учун 1 млн сўмдан маблағлар ажратиш кўзда тутилган. Тавсия этиладиган (айнан тавсия этиладиган, мажбурланадиган эмас! — таҳр.) дарслик ва ўқув қўлланмаларининг рўйхати ҳамда уларни сотиб олганлик тўғрисида ҳисобот шакли Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан белгиланиши кўрсатилган.

Ушбу масала, яъни чет тили ўқитувчиларига 1 млн сўмдан пул ажратиш жараёнида коррупция ҳолатларининг олдини олиш юзасидан Халқ таълими вазирлиги расмий баёнот берди. Унда таъкидланишича, хорижий тил ўқитувчилари замонавий адабиётларни харид қилиш учун ажратилаётган 1 млн сўм пул маблағини ўзлари истаган адабиётга сарфлайдилар ва у ўқитувчининг шахсий мулки ҳисобланади.

«Халқ таълими ҳудудий бўлимларига 2021 йил якунига қадар ҳар бир чет тили ўқитувчисининг шахсий пластик картасига 1 млн сўмдан маблағ тушириб берилиши ҳақида кўрсатма берилган. Шунингдек, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 16 ноябрдаги қўшма қарорига кўра, чет тиллари фани ўқитувчилари замонавий адабиётларни ҳар йилнинг 1 августига қадар харид қилиши белгиланган бўлиб, 2021 йил якунига қадар ушбу адабиётларни харид қилиб, савдо чекини тақдим этиш талаби нотўғри эканлигини таъкидлаймиз», дейилади вазирлик баёнотида.

Карманга ҳам, Карманага ҳам нақди ярашаркан

Аммо Кармана тумани ХТБ 1 млн сўм маблағни негадир вазирлик баёнотида таъкидлангани каби ўқитувчиларнинг шахсий пластик картасига тушириб бермасдан, нақд кўринишда беришни «маъқул кўрди». Бунинг сабаби эса кейинроқ ойдинлашди.

27 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Кармана тумани ХТБнинг хорижий тиллар методисти Нафосат Эргашевага тегишли эканлиги айтилган аудиоёзув тарқалди.

Унда методист мактаблардаги метод-бирлашма раҳбарларига мурожаат қилган.

«Навоий шаҳрига ҳам, Зарафшон шаҳрига, Нурота туманига ҳам тушган. Лекин ўша пластикка ташлаб берган ҳолатларнинг ҳам ҳаммасини эшитиб юрибмиз. Ҳамма 100 фоиз китоб олмаганлиги учун биз нақд пул бериб, ўша ернинг ўзида (туман ХТБ назарда тутиляпти — таҳририят) китоб ташкиллаштириб берамиз. Насиб бўлса эртага, душанба кунига ҳар бир мактаб директори ва метод-бирлашма раҳбарларини «райОНО»га чақириб, китобларни жой-жойига етказамиз», — дейди у.

Ҳолат бўйича Нафосат Эргашевадан изоҳ олдик. У оддий методист эканлиги, раҳбарлар «топшириғи»ни бажаришини таъкидлади.

«Ўқитувчиларга нақд пул беришимиздан мақсад — бошқа туманларимизда ҳамда вилоятимизда пластик карталарига пул ташлаб берилганида, ўқитувчиларнинг кредитлари бўлгани сабабли тушган маблағ кредитни сўндиришга ечиб олинган ҳолатлар учраган. Шу сабабли биз ўқитувчиларга нақд пул тарқатдик. Шунингдек, биз ҳисобхона ва Насиба Халиловна (Кармана туман ХТБ мудири — таҳририят) билан келишган ҳолда вазирлик томонидан шакллантирилган китоблар рўйхати бўйича нашриётга буюртма бериб, китоб келтириб, ўқитувчиларга тарқатмоқчи бўлдик. Аммо кечаги аудиодан кейин бу нарсаларнинг барчаси тўхтатилиб, ўқитувчиларга 1 млн сўмдан пулларини етказдик», дейди у.

Туман ХТБ бош ҳисобчиси Ғанишер Раҳмонов ҳам бирорта мактабга китоб тарқатилмагани, бирор тадбиркор бино ташқарисида сотган бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Бироқ ўрганиш жараёнида аниқ бўлдики, 6 турдаги китоб методист айтгани каби нашриётга буюртма берилмоқчи бўлган ёки ХТБ биноси ташқарисида тадбиркор томонидан сотилган эмас, аксинча туман ХТБдаги «тадбиркорлар» томонидан мактабларга мажбурий равишда тарқатилган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Ҳар бир чет тили ўқитувчисига 1 млн сўмдан нақд пул директорларга рўйхат асосида имзо қўйдириб топширилган ва ундан ҳар бир тўплам китоб учун 483 минг сўмдан пул олиб қолинган. Айрим мактабларга эса пул ҳам, китоб ҳам бериб юборилган ҳолда кейинчалик китоб пули етказилиши топширилган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Бу президент ташаббуси

Карманада тарқатилаётган бу китобларнинг тўплам нархи бозорда нари борса 60 минг сўм туради. Қолаверса, уларнинг электрон вариантини интернетдан осонгина топса бўлади. Масалан, ижтимоий тармоқлардаги хизматлар орқали мазкур китоблар тўпламини рангли шаклда 60 минг сўмга, рангсиз шаклда эса 40 минг сўмга чоп қилиб олдириш мумкин.

Фото: Kun.uz

Кармана тумани ХТБ раҳбарлари эса президент қароридан ўз манфаатлари йўлида «унумли фойдаланган» ҳолда бу китоблар тўпламини тумандаги чет тили ўқитувчиларига 483 минг сўмдан пулламоқчи бўлишди. Буни рад қилган чет тили ўқитувчиларига эса «райОНО» ҳисобчиси Алишер Шокиров томонидан дўқ-пўписа қилиниб, мактабига текшириш жўнатишни айтиб, босим ҳам ўтказилган. (Ушбу фактларнинг ҳар бирига асос бўлувчи аудиоматериаллар таҳририятда мавжуд. Таҳририят ўқитувчилар илтимосига кўра, уларни ҳозирча очиқламасликка қарор қилди).

Бош ҳисобчи нима қилиб бу ишларга аралашиб юрибди, дея ҳайрон қолаётгандирсиз? Ахир кимдир пулларни санаши керак-ку?

Бу ҳодисада энг ажабланарли жойи, вазирлик баёнотига кўра, Халқ таълими вазирлиги томонидан фақатгина адабиётлар рўйхати тавсия қилинган бўлиб, у ёки бу ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи, китоб дўкони томонидан сотилаётган адабиётларни сотиб олиш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаган. Вазирлик тавсия учун нашриёти ҳам кўрсатилган ҳолда тасдиқлаган китоблар рўйхатида эса Кармана ХТБ томонидан тарқатилган китоблар йўқ.

 

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Кармана туманида 31 та мактаб бор. Уларда 226 нафар хорижий тиллар ўқитувчиси фаолият олиб боради. Агар ҳар бир ўқитувчига ХТВ тавсия этмаган 60 минг сўмлик китоблар тўплами 483 минг сўмдан «ўтказилса», орадаги фарқ 95,5 млн сўмга яқин пул бўлади. Кимдир фурсатдан унумли фойдаланиб қолиб, янги йилга янги машина минмоқчи шекилли?

Гап таъсир қилса-ю, «Бир баробар қўй устига, бор, ана, икки баробар қўй. 8 баробар ҳам қўясанмия, ноинсоф?!» — десанг-да. Лекин нимадир мўлжал қилинса ва ўшани қўлга киритиш йўлида қаттиқ киришилса, мана шундай нафс ҳакалак отади, одатда.

Шу ўринда савол туғилади: нега давлатимиз раҳбари келажакни, ёшларнинг сифатли таълим олишини ўйлаб яхши бир ташаббусни ўртага ташласа, қуйи поғонадаги раҳбарлар ташаббус учун ажратилган маблағни «торта-торт» қилишга уринишади?

Бу ҳол давлат маблағларини талон-торож қилиш сифатида баҳоланиб, бундай раҳбарлар ва мутасаддилар соҳада 2 сония ҳам ишламаслиги керак эмасми? Бизда коррупция дейилганда кўпинча пора олди-бердиси тушунилади. Аммо, мана шу ҳолат ҳам классик коррупциянинг типик кўриниши.

Айтадиганимиз битта: токи мана шундай бошбошдоқликларга йўл қўяётганлар намойишкорона жазоланмас экан, тобора «хасталаниб» бораётган таълим тизими ҳеч қачон «тузалмайди».

Шуҳрат Шокиржонов, Руслан Сабуров,
Kun.uz журналистлари

Мавзуга оид
Top