Кармана тумани ХТБнинг собиқ мудири Насиба Содиқова Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилояти кенгаши раҳбари лавозимида иш бошлаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилояти кенгашининг ижтимоий тармоқлардаги гуруҳида маълум қилинди.

Ушбу лавозимда ишлаб келган Мақсуд Нуруллаев эса вилоят ҳокимлиги котибият мудирлигига ўтказилган.

Олдинроқ Кармана тумани ХТБ мутасаддилари Халқ таълими вазирлигининг баёнотига зид равишда чет тили ўқитувчиларига тарқатилаётган 1 млн сўм маблағни нақд кўринишида бериб, бозор нархи 60 минг сўм бўлган китобни 483 минг сўмдан пулламоқчи бўлганди.

Kun.uz суриштирувидан сўнг Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳолат ўрганилиб, маълумотлар ўз тасдиғини топган ҳамда бунинг ортидан ХТБ мудири Насиба Содиқова, методист ва бош ҳисобчи эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганди.