11:05 / 29.12.2021
1419

Самарқанд шаҳрида 2014-2019 йилларда қурилган 59та кўп қаватли уйларда лифт ишламаслиги маълум қилинди

Фото: Kun.uz

Самарқанд шаҳрида 2014 йилдан кейин қурилган 59та кўп қаватли уйларда лифт ишламайди. Бу ҳақда вилоят ҳокими иштирокида ўтказилган муҳокама йиғилишида маълум қилинган.

Қайд этилишича, Самарқанд шаҳридаги янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчилар томонидан турли муаммолар юзасидан кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Мурожаатларнинг аксарият қисми янги қурилган кўп қаватли уйларда лифтларнинг ишламаслиги ҳақида бўлган.

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ишчи гуруҳ томонидан шаҳардаги 18та манзилда 15та қурилиш фирмаси томонидан янги қурилган кўп қаватли уйлар мониторинг қилинган. Мониторинг давомида 2014 йилдан кейин қурилган 59та янги кўп қаватли уйларда лифт ишламаслиги аниқланган.

Йиғилиш давомида кўп қаватли уйларни қурган корхоналар вакиллари «Самлифтмонтаж» МЧЖ билан шартнома имзолаб лифт учун пул ўтказиб беришганини, аммо мазкур корхона уларни тайёрлаб бермаганини маълум қилишган.

Таъкидланишича, барча қурувчи корхоналарга лифтларни ўрнатиш ва соз ҳолатда ишлатиб қўйиш учун 2022 йил 15 январгача муддат берилган.

Top