07:41 / 29.12.2021
8778

Тошкентда аёл кишидан ёзишмаларини тарқатмаслик эвазига пул талаб қилган шахс қўлга олинди

2021 йил 23 декабрь куни ИИВ ЖҚББ Уюшган жиноятчиликка ва қурол билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлимига, 1981 йилда туғилган, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро Р.З. ариза билан мурожаат қилган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

ИИВ ЖҚББ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими хабарига кўра, у ўз аризасида Тошкент вилоятида яшовчи “Шерзод” исмли шахс билан “Инстаграм” интернет ижтимоий тармоғи орқали танишиб, у билан ишқий муносабатда бўлгани, шундан cўнг ишқий мазмунда ёзилган смс хабарларни турмуш ўртоғи ва яқин қариндошлари ҳамда интернет ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, ундан тамагирлик йўли билан 20 000 000  сўм миқдоридаги пулларни талаб қилиб келаётганини маълум қилиб, “Шерзод” исмли шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ушбу аризага асосан, шу куни ўтказилган тезкор тадбир натижасида, 1985 йилда туғилган, илгари Жиноят кодексининг 177-моддаси 2-қисми билан судланган, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшовчи, фуқаро Т.Ш., Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳар ҳудудида жойлашган “Атлант” клиникаси олдида ариза муаллифи Р.З.дан 20 млн сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Суриштирув ишлари давомида, Т.Ш. фуқаро Р.З.дан олдин ҳам товламачилик йўли билан 70 млн сўм пулларни олганини ва ҳақиқатан ҳам уяли телефон аппаратида Р.З. билан ўзаро ишқий муносабатдаги ёзишмалари мавжудлигини маълум қилган.

24 декабрь куни фуқаро Т.Ш.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар  ва далилий ашёлар қонуний чора кўриш учун Чилонзор тумани ИИО ФМБга юборилган. У ЖПКнинг 224-моддаси тартибида ушланиб, туман ИИО ФМБ ВСҲга жойлаштирилган, тезкор суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Top