13:31 / 01.01.2022
8366

«Асакабанк»ни хусусийлаштириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда банк тизимини трансформация қилишни якунлаш, хусусий банкларнинг улушини 2025 йилда жами банк активларининг 60 фоизига етказиш мўлжалланмоқда.

Фото: Асакабанк

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, “Асакабанк”ни хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда трансформация қилиш ва хусусийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш режалаштирилган.

Шунингдек, “Халқ банки”, “Қишлоққурилишбанк” “Микрокредитбанк”, “Агробанк”, “Ўзмиллийбанк”нинг акцияларини 2023 йилга қадар фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш “Йўл харита”лари ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Бундан ташқари, банк тизимида молиявий барқарорликни таъминлаш кўзда тутилган. Жумладан:

  • молиявий барқарорлик бўйича Халқаро валюта жамғармасининг доимий эксперти жалб қилинади;
  • 2022 йил биринчи ярим йиллик натижалари бўйича молиявий барқарорлик шарҳи чоп этилади;
  • Халқаро валюта жамғармаси кўмагида иқтисодиётда вужудга келиши мумкин бўлган хатарлар аниқланади, уларнинг банк тизими барқарорлигига таъсирини баҳолашга қаратилган стресс-тест моделлари ишлаб чиқилади;
  • юзага келиши мумкин бўлган молиявий йўқотишларга банкларнинг бардошлилигини таъминлаш мақсадида макропруденциал буферлар яратиш чоралари кўриб борилади.

Замонавий молиявий хизматлар, операциялар ва технологияларни (финтех) ҳамда нақд пулсиз тўловларни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилмоқда. Бунда:

  • илғор хорижий тажриба асосида амалдаги қонунчилик такомиллаштирилади;
  • соҳада АКТ инфратузилмаси ривожлантирилади;
  • молиявий хизматларни кўрсатишда киберхавфсизлик таъминланади;
  • молиявий хизматларни рақамлаштириш орқали уларнинг оммабоплигини ошириш назарда тутилади;
  • нақд пулдаги тўловга нисбатан нақдсиз тўловлар арзонроқ бўлиши таъминланади;
  • жисмоний шахслар томонидан нақд пулсиз тўловларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратилади;
  • давлат хизматлари учун тўловларни нақд пулсиз шаклда амалга ошириш имконияти яратилади.
Top