18:27 / 02.01.2022
9465

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси, “Бунёдкор” футбол клуби президенти бошчилигида клуб фаолияти муҳокама қилинди

Фото: Ўзбекнефтгаз

2021 йилнинг март ойидан бошлаб “Бунёдкор” футбол клуби Кузатув кенгаши қарори билан Клуб президенти сифатида иш бошлаган “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ўтган йилда клуб нималарга эришди-ю, нималарни йўқотгани, 2022 йилда қилиниши керак бўлган ишлар режалари юзасидан Бош директор Улуғбек Мирзаев, Бош мураббий Шуҳрат Мақсудов, “Фан-клуб” аъзолари етакчиси Шавкат Имомов билан учрашди.

Клуб президенти аввало, асосий мақсад ва вазифа Ўзбекистон Республикасида футболни ривожлантиришга, жумладан, болалар-ўсмирлар, профессионал ҳамда оммавий футболни кенг тарғиб қилишга қаратилганини таъкидлаб ўтди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Бундан ташқари, Клубнинг бош вазифаси асосий жамоанинг миллий чемпионат, Ўзбекистон кубоги ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиши, қолаверса, ёшлар, аёллар мини-футбол, шунингдек, I ва II лига жамоаларимизнинг Ўзбекистон чемпионатларидаги муваффақиятли иштирок этишига қаратилган бўлса-да, афсуски, ўтган йилда кутилган натижаларга эришилмагани танқид қилинди.

Учрашув давомида, Клуб Бош директори Улуғбек Мирзаев ва Бош мураббийнинг 2021 йил сарҳисоби ҳамда 2022 йил режалар бўйича ҳисоботи тингланди. Улуғбек Мирзаев Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўқув-йиғин машғулотларига “Бунёдкор”дан беш нафар футболчи жалб этилганини билдириб, ёшлар эришаётган ютуқлар бўйича маълумотларни келтириб ўтди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Бош мураббий Шуҳрат Мақсудов жамоани қабул қилиб олганига кўп вақт бўлмаганига қарамай, ҳар бир футболчи билан алоҳида мулоқот йўлга қўйилиб, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати ўрганилгани, 2021 йилги натижалардан ўзи ҳам қониқмагани ва 2022 йилда жамоа фақат совринли ўринлар учун курашишини билдирди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси, “Бунёдкор” футбол клуби президенти Бош мураббийга имкон беришини ва 2022 йилги натижаларга қараб унинг фаолияти бўйича хулоса қилишини айтиб, фақат ғалаба учун майдонга тушиш кераклигини, нафақат миллий чемпионат, кубок баҳслари балки халқаро майдонда ҳам жамоа ўз ўрнига эга бўлиши кераклиги борасида топшириқлар берди.

Жамоани шакллантиришда селекция ишларини олиб бориш, ёш футболчиларга имкон бериш, коррупция ва таниш-билишчиликка мутлақо ўрин бермаслик бўйича вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, “Бунёдкор” ФКнинг болалар-ўсмирлар футбол мактаби тарбияланувчиларига алоҳида эътибор бериш ҳамда улар учун зарур шароитларни яратиш кераклиги таъкидланди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ўз навбатида 2022 йилда клуб ва унинг ходимларини, жамоа ва барча футболчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилиб, рағбатлантириш масалалари қайта кўриб чиқилиши, ўзининг фидойилигини намойиш қилган ҳар бир ишчи-ходим ва футболчи, мураббий, жамоа аъзоси рағбатлантирилиши айтилди. Шунингдек, Меҳриддин Абдуллаев 2022 йилда жамоага омад тилади.

 “Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати 

Top