16:45 / 06.01.2022
5501

Навоийда олтин қазиб олаётганда тупроқ босиб қолганларнинг мурдаси 30 метр чуқурликдан олиб чиқилгани маълум бўлди

Конимех тумани таркибида олтин бўлган рудани ноқонуний қазиб олиш жараёнида ҳалок бўлган 5 нафар шофирконлик фуқаронинг мурдаси 10 кун тупроқ остида қолиб кетгани маълум бўлди. Уларнинг мурдаси 30 метр чуқурликдан топилган.

Фото: Навоий вилояти ФВБ

Навоий вилояти прокуратурасининг баёнотига кўра, ҳодиса 2021 йилнинг 23 декабр куни соат 23:30 ларда содир бўлган. Шофиркон туманида яшовчи А.Т., У.А., О.Ё., Ш.И., Т.М., З.О., Ф.Р., Ф.Р. ва Ғиждувон туманида яшовчи Ж.Н. тилла қумини қазиб олиш мақсадида Конимех туманининг Караката овулида жойлашган “Лолазор” ташландиқ конига боришган. Тахминан 25-30 метр чуқурликдаги кондан қум қазиб олишаётган вақтида А.Т., У.А., Ж.Н., Ф.Р ва Ф.Р.ни қум босиб қолиб, воқеа жойида вафот этишган.

“Шу куннинг ўзида махсус техника воситалари ва қўл кучи ёрдамида мурдаларни тупроқ остидан олиб чиқиш ишлари бошлаб юборилган. Жорий йилнинг 3 январ куни 30 метр чуқурликдан уларнинг мурдалари топилган. Ҳолат юзасидан Конимех туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, — дейилади прокуратура баёнотида.

ФВВнинг хабар беришича, тупроқ остида қолганларни излаб топиш учун 5 та техника ва 63 нафар ходим жалб қилинган. Фуқароларнинг жасади суд-тиббий экспертизадан ўтказиш учун Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасига юборилган.

Top