Фақатгина бир илинж уларнинг юрагида умид чироғини ёққан. Бу ҳам бўлса, “Ташаббусли бюджет”га Конимехда якка-ёлғизлар учун уй қуриб бериш борасида таклиф киритилгани ва унинг кўп овоз тўплаб, ғолиб бўлгани.

“Кечқурун ўлиб қолишдан қўрқаман”
Назира Холова 1957 йилда Конимехда оддий ишчи оиласида таваллуд топган. Ёшлигида ҳамма инсонлар каби у ҳам нурли келажакни орзу қилган. Бироқ ҳаёт уни оғир синовлар гирдобига улоқтирди. Турмуш ўртоғи вафосизлик қилиб, ташлаб кетди. Ягона фарзанди ҳам гўдаклик пайтида вафот этди. Бу ғамлар уни эрта қаритди. Қолаверса, умрининг катта қисми уйсизликда, ёлғиз ўтди. Турли манзилларда ижарада яшаш қисматида бор экан. Ака-укалари ҳам иқтисодий имкониятлари етмаганлиги сабабли ўз рўзғорларидан ортиб, унга уй қуриб беришолмади.

Ўтмайдиган кун-ку йўқ. Назира опани ҳаммасидан ҳам ЁЛҒИЗЛИК аталмиш улкан изтироб ўз домига тортиб кетганди. У ҳамон ана шу изтироб исканжасида, оғир шароитда яшамоқда.
“Ёлғизликдан ёмон нарса йўқ. Кечқурун ўлиб қолишдан қўрқаман. Қачон тонг отаркин, қўни-қўшниларимни кўрарканман, деб кутиб чиқаман. Менинг ҳам орзуларим кўп эди, бола-чақали, уйли-жойли бўлишни, яхши ҳаёт кечиришни истардим. Бир ўзим ёлғиз ва бунақа шароитда қоламан деб ҳеч ўйламаганман. Лекин ҳаёт экан. Бир йил ичида 5-6 жойга кўчдим. Кўч-кўронни кўтариб, ижарада яшаш қийин. Бизга уй қуриб берилаётганини эшитиб, йиғлаб юбордим. Ташаббусни бошлаганларга, овоз берганларга раҳмат айтаман”, – дейди Назира Холова.

Назира опа ўзи учун таом тайёрлайди, чой қайнатади. Уй юмушларини қилган бўлади, ўзини чалғитишга уринади. Айни кунларда ўз уйи бўлишини ўйлаб, кунлари умид ва қувонч билан ўтмоқда.
Кўзи ожиз отахоннинг изтироблари
Қулназар Абдураҳмоновнинг дарди Назира Холованикидан ҳам аянчлироқ. 66 ёшни қаршилаган отахон кўп йиллар Конимех чўлларида чорва ортидан юриб, чўпонлик қилган. 1985 йилда турмуш ўртоғи якка-ю ягона ўғлини олиб, Қозоғистонга кўчиб кетади. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, ўғил отаси ҳолидан хабар олмаган, излаб келмаган.


















