16:50 / 10.01.2022
11606

Ўзбекистонда омикрон штамми аниқланган хорижлик билан бир самолётда келган барча йўловчилар карантинга олинган 

Омикрон штамми аниқланган хорижлик келган рейснинг барча йўловчилари карантинга олинган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев маълум қилди.

Фото: ССВ

“Омикрон штамми аниқланган чет эл фуқароси билан бир самолётда келган барча йўловчилар карантинга олинган. Улардан 130 нафари ўзбекистонликлар бўлиб, улар уй шароитида, 70 нафар чет эллик фуқаролар меҳмонхона шароитида карантин ўтамоқда”, деди у.

Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Умидулла Рисқиевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда республикада коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган 16 та махсус тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда. Ушбу муассасалар сони зарурат туғилса, 132 та, койкалар сонини эса 32 мингтага етказиш имкони бор.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимовнинг айтишича, омикрон штамми асосан юқори нафас йўлларига зарар етказади.

“ЖССТ маълумотига кўра, омикрон штаммига чалинган беморларнинг 98 фоизи уй шароитида, 2 фоизи эса стационар тарзда даволанмоқда. Чунки вируснинг мазкур тури асосан юқори нафас йўлларига зарар етказади”, деди у.

Top