18:41 / 09.01.2023
8180

Вирусологлар янги турдаги «кракен» коронавирусининг хусусиятларини маълум қилишди

У «омикрон» оиласига мансуб бўлиб, оғир касалликни келтириб чиқармайди.

Фото: AP

Янги турдаги «кракен» коронавируси аввалдан маълум бўлган «омикрон» штаммига ўхшайди, чунки унинг вариантларидан бири ҳисобланади ва алоҳида хусусиятларга эга эмас, деб ёзди РБК.

«Кракен» олдинги мутациялардан жуда оз фарқ қилади ва у ҳам «омикрон» ҳисобланади. Лекин у «омикрон»нинг эволюцияси эмас. Бу аллақачон вируснинг параллел эволюцияси, ўзгаришлари. Аммо, афтидан, у оғир касалликларни келтириб чиқармайди», деди Россиянинг Мечников номидаги Вакциналар ва зардоблар илмий-тадқиқот институти директори Виталий Зверев.

Вирусолог сўзларига кўра, бу турнинг ягона муҳим жиҳати - «омикрон»нинг илк вариантлари билан касал бўлганларга юқиш қобилияти бўлиши мумкин. Бироқ, барибир «кракен» юқтирган беморларда касаллик енгил кечади.

«Ҳозир коронавируснинг барча мавжуд вариантлари «омикронлар» ва унинг «қариндошлари». Жумладан, «кракен» ҳам. Ҳозирча, бахтимизга, юқори патоген штамм пайдо бўлишига олиб келадиган мутация содир бўлмади. Коронавирус эволюцияси «янада юқумли, аммо тобора зарарсиз» йўлдан кетди. Барча вариантлар (кракен, цербер, кентавр) мана шу категорияга бўйсунмоқда», деди вирусолог, Москва давлат университети профессори, биология фанлари доктори Алексей Аграновский.

Вирусолог сўзларига кўра, «кракен» ҳам бошқа «омикрон»ларнинг бир қатор хусусиятларига эга.

«Кракен» (SARS-CoV-2 XBB.1.5 кичик тури) биринчи марта 2022 йил 22 октябрда АҚШда аниқланди. Касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича Европа маркази (ECDC) маълумотларига кўра, у жуда тез тарқала бошлади. Янги тур аллақачон Дания, Франция, Австрия, Нидерландия, Германия, Италия, Испания, Швеция, Исландия, Белгия, Чехия, Португалия ва Ирландияда аниқланган.

Top