16:48 / 11.01.2022
38942

Элбоши даврида бойиганлар халққа ёрдам кўрсатиши керак. Тўқаевнинг сўнгги чиқишидан асосий иқтибослар

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев парламентда чиқиш қилиб, мамлакатда суюлтирилган газ нархи ошиши ортидан бошланган намойишлардан кейин ислоҳотлар дастурини таклиф этди. Қуйида қўшни давлат раҳбарининг баёнотидан асосий қисмлар келтирилади.

КХШТ тинчликпарвар кучлари кетади

  • Муҳим инфратузилма объектлари муҳофазаси учун чақирилган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг тинчликпарвар кучларини олиб чиқиш жараёни 13 январь куни бошланади. «Аксилтеррор амалиётнинг муҳим фазаси ортда қолди, мамлакатнинг барча регионларида вазият барқарор <...>. КХШТ тинчликпарвар кучларининг асосий миссияси муваффақиятли якунланди. Икки кундан кейин мамлакатдан КХШТ бирлашган тинчликпарвар контингентини босқичма-босқич олиб чиқиш бошланади. Контингентнинг олиб чиқилиши жараёни ўн кундан кўп вақт олмайди», — деди Тўқаев.
  • Қозоғистонга намойишлар туфайли юзага келган вазиятдан фойдаланган террорчилар ҳужуми амалга оширилган, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси эса бу жиддий таҳдидни «сеза олмади ва буни хоҳламади ҳам». «Ҳамма ҳам ўз бурчига содиқ бўла олмади. Қатор шаҳарларда Миллий хавфсизлик қўмитаси департаментлари раҳбарлари, етарлича ҳарбий арсенал борлигига қарамай, жангга киришмасдан, қуроллар ва махфий ҳужжатларни қолдирган ҳолда хизмат биноларини тарк этди», — деган президент.
  • Олмаота ва тартибсизликлардан жабрланган бошқа вилоятлар марказлари қисқа муддатда тикланади. «Бу менинг шахсий масъулиятим ва ҳукумат мажбурияти», — деган Тўқаев. Махсус ишчи гуруҳ тартибсизликлар оқибатлари билан шуғулланади.

Янги ижтимоий шартнома ва сиёсий ислоҳотлар

  • Аскилтеррор амалиётлар якунлангач, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органларини жиддий ислоҳотлар кутмоқда. Тўқаев буни биринчи галдаги устувор вазифа сифатида белгилади. Мамлакат кучишлатар тузилмаларнинг жанговар самарадорлигини ошириш, янги техникалар билан жиҳозлаш, муассасалар ўртасида мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш, уларнинг қарор қабул қилишдаги мустақиллигини ошириш зарур. Шунингдек, хавфсизлик кучлари вакилларига ҳужум учун жавобгарликни кучайтириш орқали ҳуқуқий ҳимояни таъминлаш керак. Бундан ташқари, ходимларнинг маошлари оширилади. Тўқаевнинг сўзларига кўра, айниқса қамоқхоналарда диний экстремизмнинг криминал олами билан қўшилиб кетишига йўл қўймаслик керак. «Олдимизда жамиятни, шу жумладан ташқи, ички ва халқаро разведкани қайта қуриш вазифаси турибди», — деган у.
  • Президент нутқидаги асосий тезислардан бири — мавжуд сиёсий тизимдан манфаат кўрувчилар ҳақида бўлди. Унинг сўзларига кўра, булар молиявий-олигархик гуруҳлардир. «Биринчи президент — элбоши шарофати билан мамлакатда жуда даромадли компаниялар гуруҳи ва ҳатто халқаро стандартлар бўйича ҳам бой одамлар қатлами пайдо бўлди», — деди Тўқаев. Энди «Қозоғистон халқига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларга тизимли ва мунтазам ёрдам бериш вақти келгани» таъкидланди.
  • «Шунинг учун ҳукумат бу компанияларни аниқ белгилаб олиши ва улар билан махсус фондга йиллик бадаллар миқдорини келишиб олиши керак бўлади. Қолаверса, улкан маблағларга эга бўлиб, сояда қолаётган шахслардан ҳам фаоллик кутиб қоламан. Биргаликда Янги Қозоғистонни барпо этамиз!», — деган президент.
  • Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, иқтисодиётни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими ва Қозоғистон Тараққиёт банки фаолиятини қайта кўриб чиқиш зарур - у бу банк «моҳиятан, молиявий-саноат ва қурилиш гуруҳларини ифодаловчи маълум доира учун шахсий банк» бўлиб қолган. Бунга алоқадорларнинг барчаси «фамилия бўйича» маълум.
  • Тўқаев вазифаси Қозоғистон миллий фаровонлигини ошириш бўлган «Самрук-Казина» инфестфондида ҳамда унинг барча бўлимларида текширув ўтказиш бўйича топшириқ берган. «Агар фондни ислоҳ қилишнинг имкони бўлмаса, Қозоғистон иқтисодиётига усиз ҳам яхши бўлади», деб ҳисоблайди президент.
  • Хорижга капитал асоссиз олиб чиқилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда айрим молиявий-саноат гуруҳларининг маблағлари четга чиқарилишини текшириш керак.
  • Тўқаев ҳукуматга «Оператор РОП» компаниясини утилизация йиғимларини йиғиш ишидан четлатиш бўйича топшириқ бериб, бу иш билан давлат шуғулланиши кераклигини айтди. Ҳозирда автомобил ишлаб чиқарувчилар, расмий импортерлар ва Қозоғистонга автомобил олиб кириш истагида бўлган хусусий шахслар шундай йиғим тўлаши шарт ҳисобланади.
  • Депутатлар, ҳукумат аъзолари ва маҳаллий маъмуриятлар раҳбарларининг (ҳокимлар) маошлари миқдори ҳозирда «етарли даражада», шу туфайли бу миқдорлар музлатилади ва кейинги беш йилликда уларнинг маошларини оширишга мораторий қўлланади. Бюджет соҳасининг бошқа ишчиларининг маошлари эса кўтариб борилади. Давлат хизматига ишга киришда коррупция ва расмиятчилик авж олган, давлат хизмати ҳар бир фуқарога очиқ бўлиши учун меритократия принципларига амал қилиш керак.
  • Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида ер усти метроси қуриш бўйича қимматбаҳо лойиҳа (LRT) мамлакат обрўсига путур етказувчи катта муаммога айланган. Бу лойиҳа аввалбошдан хатолик эди ва ундан «коррупция ҳиди» келарди. Муаммо маҳаллий ва хорижлик архитекторлар иштирокида ҳал қилинади.

Ижтимоий муаммолар ечими ва камбағалликни енгиб ўтиш

  • Ҳукумат аҳоли даромадларини ошириш тизимини ва қашшоқликнинг олдини олиш чораларини ишлаб чиқиши керак.
  • Мамлакатга таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам ўта зарур. Тўқаевнинг ҳисоблашича, Қозоғистонда 2025 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларининг камида бешта филиали очилиши даркор. Шундан иккитаси техника йўналишида бўлиб, мамлакат ғарбида очилиши керак (суюлтирилган газ нархи ошишига қарши намойишлар дастлаб шу ҳудудда бошланганди).
  • Шунингдек, Тўқаев махсус фонд очишга топшириқ берди - бу жамғарма таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасига ёрдам бериб, бошқа ижтимоий ташаббуслар билан шуғулланади, жумладан кам учрайдиган оғир касалликларга чалинган болаларга ёрдам кўрсатади. У ҳақидаги маълумотлар жамоатчилик учун очиқ бўлиши керак, фонд хусусий шахслар ва давлат манбалари ҳисобидан молиялаштирилади.
  • Президент мамлакатдаги сиёсий ўзгаришлар бўйича батафсил дастурини сентябрь ойида тақдим этишни ваъда қилди.
Мавзу
Қозоғистонда газ намойишлари
2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау областида суюлтирилган газ нархи икки бараварга кўтарилганидан норози бўлган қозоғистонликлар оммавий митингга чиқишди ва кейинги кунларда намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилди.
Барчаси
Top