18:19 / 11.01.2022
68430

Кремл Лукашенконинг Ўзбекистонни огоҳлантиргани мавзусига аралашмаслигини билдирди

​​​​​​​Дмитрий Песков бу масалани Минск ва Тошкент ўзаро муҳокама қилиши, Москва бу мулоқотларда қатнашмаслигини айтди.

Фото: ТАСС

Беларус президенти Александр Лукашенко Қозоғистонда нотинчлик келтириб чиқарган ташқи кучларнинг назари Ўзбекистонга қаратилганини айтганди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Ўзбекистон ва Беларуснинг бу мавзудаги мулоқотларида Россия қатнашмаётганини айтди.

“Бу – Минск ва Тошкент ўртасида муҳокама қилинадиган мавзу, биз бу ракурсда мазкур мулоқотларда қатнашмаймиз”, – деди Кремл сўзчиси рус журналистларининг саволига жавобан.

Эслатиб ўтамиз, Беларус президенти Александр Лукашенко КХШТнинг 10 январ кунги саммитида Қозоғистондаги воқеалардан биринчи навбатда Ўзбекистон ўзига сабоқ чиқариши кераклигини иддао қилганди.

“Қозоғистондаги вазиятдан, аввало, Ўзбекистон ҳушёр бўлиши керак, акс ҳолда, биздаги маълумотларга кўра, тўполон ташкилотчиларининг нигоҳи, жумладан, Ўзбекистонга қаратилган”, дея огоҳлантирди у.

Фаол ўзбек жамоатчилиги Беларус раҳбарининг бу сўзларини Ўзбекистонни КХШТга аъзо бўлиши учун қилинаётган навбатдаги босим сифатида кўрмоқда.

Ўзбекистон қонунларига кўра, мамлакат ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмайди. Расмийлар мазкур позициясини халқаро доирада ҳам бир неча бор таъкидлаб келади.

Top