Ўзбекистон | 20:12 / 11.04.2024
6477
2 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Саидов Минскда Беларус президенти билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири икки давлат ҳамкорлиги барча жабҳаларда жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Беларус президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонни ҳамкорликни янада фаол ривожлантиришга чақирди. 

Фото: ТИВ

11 апрел куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Минскда Беларус президенти Александр Лукашенко билан учрашди. 

«Дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорлигимиз Ўзбекистон-Беларус кун тартибининг барча жабҳаларида жадал ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон ва Беларус ташқи ишлар вазирликлари олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш учун барча имкониятларини ишга солади», деб ёзди Бахтиёр Саидов ижтимоий тармоқда. 

Беларус президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонни ҳамкорликни янада фаол ривожлантиришга чақирди. Томонлар ўз олдига товар айирбошлаш ҳажмини миллиард долларга етказишни мақсад қилган. 

«Умид қиламанки, Ўзбекистон бу муаммони ҳал қилиш учун бор кучини сарфлайди. Биз келишиб олган қўшма корхоналар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратишингизни сўрайман. Биз бу билан қизиқамиз. Ўзбекистонга таклиф қиладиган нарсамиз бор», деди Лукашенко. 

Шунингдек, Бахтиёр Саидов Беларус ташқи ишлар вазири Сергей Алейник билан ҳам учрашди. 

«Минскда бўлиб ўтган музокараларимиз раҳбарларимиз ўртасида эришилган келишувлар ижросини батафсил кўриб чиқиш, шунингдек, икки давлат алоқаларининг барча йўналишлари бўйича фикр алмашиш учун яхши имконият яратди. Муносабатларимиз кўплаб соҳаларда ижобий суръат намоён этаётганини мамнуният билан таъкидладик. Ишбилармон доиралар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни сезиларли даражада кенгайтиришга келишиб олдик. Вазирликларимиз ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган Маслаҳатлашувлар дастурини ҳам имзоладик», деб ёзди Бахтиёр Саидов ижтимоий тармоқда.

Мавзуга оид