13:35 / 11.01.2022
9871

Қатор озиқ-овқат маҳсулотларига берилган ҚҚС имтиёзларининг муддати узайтирилади

Гўшт, картошка, ўсимлик ёғи каби маҳсулотлар импортига берилган ҚҚС имтиёзлари 2022 йил 30 апрелга қадар узайтирилди.

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 январь кунги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Қайд этилишича, 2022 йил 30 апрелга қадар қуйидагилар ҚҚСдан озод қилинади:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
  • ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма;
  • гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли ва узлуксиз таъминлашга, нарх барқарорлигини сақлашга, аҳоли даромадлари ошишига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилган.

Маълумот учун, кунгабоқар ва соя уруғлари ҳамда ўсимлик ёғи импорти, шунингдек, ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва ички бозорда реализация қилиш 2021 йил 1 майдан 31 декабргача, гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни мамлакатга олиб кириш 10 октябрдан 31 декабргача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган эди.

Top