Ўзбекистон | 20:58 / 13.03.2024
4988
2 дақиқада ўқилади

Озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи корхоналарга янги талаблар тасдиқланди

 Озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи корхоналарга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари тасдиқланди. Унда қайта қурилаётган ва фаолият юритаётган барча озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг жойлашуви, жиҳозланиши ва уларнинг санитария-гигиеник ҳолати, ходимларнинг шахсий гигиенасига бўлган талаблар белгиланди.

“Озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи савдо корхоналарига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари” (0068-24-сон СанҚваМ бўйича) тасдиқланди. Бу ҳақда Kun.uz’га Санэпидқўмита маълумот берди. Талабларда мулкчилик шаклидан қатъи назар, қурилаётган, қайта қурилаётган ва фаолият юритаётган барча озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг жойлашуви, жиҳозланиши ва уларнинг санитария-гигиеник ҳолати, шунингдек, ходимларнинг шахсий гигиенасига бўлган талаблар белгиланган.

Янги ҳужжат билан амалдаги “Озиқ-овқат савдо корхоналари учун санитария қоидалари” (0066-96-сон СанҚваМ) ўз кучини йўқотган деб топилган.

Янги талаблар ишлаб чиқишдан мақсад – ҳужжатни давлат тилида қабул қилиш (амалдаги ҳужжат рус тилида қабул қилинган) ва ҳужжатдаги норматив-ҳуқуқий тусдаги бандларни чиқариб ташлаш ва янги талаблар киритишдир.

Янги СанҚваМ лойиҳасига қуйидаги янги талаблар киритилган:

– Савдо корхоналарининг санитария-ҳимоя минтақаси амалдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳоли турар жой атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш санитария қоидалари ва нормалари” 0350-17-сон СанҚваМга мос бўлиши керак.

– Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва кейинчалик даврий тиббий кўрикдан ўтказиш “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга (рўйхат рақами 2387, 2012-йил 29-август) мувофиқ амалга оширилади.

– Хавф-хатарнинг олдини олиш мақсадида ишчи ходимлар қуйидаги талабларга риоя қилишлари лозим: очиқ яралар, тирналган, кесилган ёки бошқа тери жароҳати бўлганда, жароҳатни пластир билан беркитиш; махсус ҳимоя кийимлари, бош кийим ва пойабзал кийиш.

Бундан ташқари, ҳужжатга эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини татиб кўриш учун фойдаланиладиган бир марталик санчқи, қошиқ кабиларни дарҳол махсус чиқинди идишга ташлаш, қадоқлаш учун ишлатиладиган бир марталик идишлар инсон саломатлиги учун хавфсиз материаллардан (пластик, картонли, қоғоз) тайёрланган ва тоза, қуруқ бўлиши кераклиги белгиланди.

Мавзуга оид