16:40 / 12.01.2022
6181

Урганчдаги 28-мактабда таътил пайтида машғулотлар ўтилган, ўқувчилар кунига 5 минг сўмдан тўлаган

Урганч шаҳридаги 28-сон умумтаълим ўрта мактабида таътил пайтида ўқитувчилар томонидан кунига 5 минг сўмдан қўшимча машғулотлар ташкил қилинган. Халқ таълими вазирлиги қишки таътил кунлари ўқувчиларни ҳар қандай тўгарак ва тадбирларга жалб этишни тақиқлаган эди.

Фото: KUN.UZ

12 январь куни мактабда бир неча синфларда ўқувчилар тўплангани, ўқитувчилар томонидан машғулот ўтилаётгани гувоҳи бўлдик. Баъзи синфларда 1 нафар ўқувчи ўтирган бўлса, баъзиларида ўнлаб ўқувчилар тўпланган. Уларнинг сўзига қараганда, қўшимча машғулотлар учун кунига 5 минг сўмдан тўланмоқда, унда иштирок этиш ихтиёрий.

Исми-шарифи сир қолишини истаган ота-оналардан бирининг сўзларига кўра, мактабда ўзлаштириши паст бўлган ўқувчилар учун кунига 5 минг сўмдан қўшимча репетиторлик ташкил қилинган. Машғулотлар шу мактаб ўқитувчилари томонидан ўтказиляпти.

«Ҳар бир синфда меъёрдан ортиқ равишда 35-37 ўқувчи таълим оляпти. Оқибатда билим олишда орқада қолиш кучаймоқда, чунки ўқитувчи ҳар бир ўқувчи билан батафсил шуғулланиши учун имкон қолмаяпти. Ўзлаштириш даражаси пастлиги сабаби ҳам шунда», деб ҳисобламоқда ота-оналардан бири.

Директор Илмира Кабулова мактаб биносида қўшимча машғулотлар ўтказилаётганидан бехабар эканини, аммо бу мумкин эмаслиги ҳақида ўқитувчиларни огоҳлантирганини маълум қилди. 

«Қўшимча машғулотлар ўтказилаётганидан бехабарман. Бу мумкин эмаслиги ҳақида ўқитувчиларни 2 марта огоҳлантирганман. 

Мактаб биносида пуллик репетиторлик ҳам мумкин эмас. Агар пул эвазига қўшимча машғулот ўтказишмоқчи бўлса, шахсий тарзда, бошқа жойда шуғулланишлари мумкин. Бу ўқитувчиларнинг шахсий иши, бунда солиқ идораларидан рўйхатдан ўтиб, қўшимча даромадлари ҳақида декларация тўлдириши керак», - деди Илмира Кабулова.

Аввалроқ, Халқ таълими вазирлиги қишки таътил кунлари тугагунга қадар ўқувчиларни бевосита мактаблардаги тўгараклар ва ҳар қандай тадбирларга жалб этиш тақиқланиши, ўқитувчилар мактабда Миллий ўқув дастурлари асосида малака ошириш курсларида қатнашиши ҳақида хабар берган эди.

Нурмуҳаммад Саид

Top