10:33 / 13.01.2022
1244

Жиззахда 205 миллион сўмлик табиий газни ноқонуний ишлатган яширин корхона аниқланди

Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида 205 миллион сўмлик табиий газни ноқонуний ишлатган яширин корхона аниқланган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Шароф Рашидов туманидаги “Хайробод” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Қ.Б.га тегишли хонадонда табиий газдан ноқонуний фойдаланган ҳолда оҳак ишлаб чиқарилаётгани аниқланган.

Ҳисоб-китобларга кўра, фуқаро 22 минг 809 метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланган. Мазкур ҳажмдаги табиий газ ўртача 1 500 хонадоннинг бир кунлик истеъмолини ташкил қилади. 

Шу ҳудудда яшовчи яна бир фуқаро Қ.М. ҳам ўзига тегишли хонадонда 57 минг метр куб табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланган. Мазкур ҳажмдаги табиий газ ўртача 3 минг хонадоннинг бир кунлик истеъмоли ҳисобланади.

Бундан ташқари, Жиззах шаҳридаги “Сулоқли” МФЙ Тошкент кўчасида фаолият юритаётган “MAFTUNA SHARAFJON” МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехида ҳам табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган.

Маълум бўлишича, корхона 2 дона айланма оҳак печи ўрнатиб 205 минг метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланган ва газ таъминоти корхонасига 205 миллион сўм зарар етказилган. Бу ҳажмдаги табиий газ ўртача 12 минг хонадоннинг бир кунлик истеъмоли ҳисобланади.

Қайд этилишича, айни чоғда ушбу ноқонуний ҳолатлар бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳар уч ҳолат 2021 йилнинг декабрь ва жорий йилнинг 3 ва 5 январь кунлари Энергетика вазирлиги штаби томонидан ўтказилган тадбирда аниқланди.

Top