09:20 / 16.01.2022
8377

Замонавийлашаётган маҳалла: у аҳолига яқинлашяптими ёки узоқлашмоқда? — Учинчи мақола

Азалдан маҳалла миллий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар шаклланган ва юзага келган маскан ҳисобланган. Бу масканда аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, кексаларга ҳурмат-у ёшларга иззат, муҳтожларга мурувват кўрсатиш каби кўплаб ибратли миллий ва диний қадриятлар ҳукмрон бўлган.

Анъаналар маскани

Ёши катталар яхши билади: маҳалланинг ҳар бир шахсга, у ким ва қандай лавозимда бўлишига қарамасдан, таъсир кучи катта эди. Маҳалла билан, унда шаклланган урф-одатлар билан ҳисоблашмаслик мумкин эмасди. Бошқача айтганда, маҳалла урф-одатлар орқали одамларни бошқариб, маълум доирада ҳаракат қилишига замин тайёрларди.

Бу, бир томондан, аҳоли, айниқса ёшларнинг хулқ-атвори доимо маҳалладошлар назоратида бўлишини таъминлаши, ўзаро муносабатда одоб доирасидан чиқилмаслиги, ҳар бир ишда елкадош бўлишлиги билан улкан ижобий аҳамиятга эга эди.

Фото: Travelsk.ru

Нима бўлганда ҳам, асрлар давомида ривожланиб келган маҳалла аҳоли тотувлигини таъминлашда, анъана ва удумларни авлоддан авлодга етказишда муҳим ўрин тутган. Шу муносабат билан айрим ҳикматларга қулоқ тутайлик:

  • «Маҳалла маслаҳатига қулоқ солган ўзини идора қилади, солмаганни эса – биров»;
  • «Яхши маҳаллада бегоналардан йиғилган қариндошлар яшайди, ёмонида эса – қариндошлардан йиғилган бегоналар»;
  • «Маҳалланинг маслаҳатин олганнинг ошидан тош чиқмайди, олмаганнинг авлодидан бош чиқмайди».

Нима ўзгарди?

Мустақиллик йилларида давлат томонидан маҳаллага бўлган эътибор анча кучайди. Маҳаллалар ўзини ўзи бошқариш органига айланди, «халқ виждони», «демократия дарсхонаси» дея эътироф этилиб, уларнинг фаолиятини ташкил этишга қаратилган қонунлар, фармону қарорлар қабул қилинди.

Буларнинг ҳаммаси маҳаллалар функциясини, бажарилиши лозим бўлган вазифалар моҳиятини ўзгартирди.

«Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилини жорий этиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида амалий ишлар қилина бошланди. Эндиликда маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, кўчат ўтказиш, кўкаламзорлаштириш, тозалик ва озодалик тадбирларига катта эътибор қаратиладиган бўлди. Жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаш талаби ўртага ташланди.

Фото: Sputnik.ru

Шунингдек, маҳалла зиммасига аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликдан чиқариш ва тадбиркорликка жалб этиш каби ўта муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифалар юклатилди. Буларнинг ҳаммаси маҳалла фуқаролар йиғинлари ишининг кўлами ва ҳажмини кўпайтирди ҳамда характерини анча ўзгартирди. 

Аслида, маҳалла тизими эзгу мақсадларни кўзлаб янгилана бошланди, маҳалла ходимлари уларнинг вазифасига кирмайдиган ишлардан озод этилди. Масалан, маҳалла ходимлари йиллар давомида коммунал тўловларни теришда масъул, солиқ инспекторига ёрдамчи, пахта йиғим-терими мавсумида бригадирга бўйсунувчи бўлиб ҳамда кўплаб тадбирларда «фон» сифатида қатнашган ҳолда бевосита ўз вазифаларидан узоқлашган эди. Энди бунга барҳам берилди.

Аммо кейинги икки йилда, юқорида уқтирилганидек, маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасидаги вазифалар кўпайди ва барча ишлар талаб даражасида, юқори самарадорлик билан бажарилди, деб бўлмайди.

Нега?

Бунинг қатор объектив ва субъектив сабаблари мавжуд.

Самарадорлик нега паст?

Ҳар доим ҳам юқоридан юбориладиган топшириқлар асосли, ҳар бир маҳалланинг имконият ва хусусиятини ҳисобга олиб жўнатилган ва белгиланган муддатда бажарилиши мумкин деб айтолмайман. Айрим топшириқларнинг мақсадини, жамиятга, аҳолининг аниқ қатламига қанчалик ёрдами тегишини англаш мумкин эмас. Ҳар қандай топшириқни зудлик билан бажариб, суратли ҳисобот тақдим этиш талаби каминага авваллари пахта йиғим-терим давридаги «ғалаба рапортлари»ни эслатади.

Мана, аниқ мисоллар.

«Темир дафтар» шакллана бошланган даврда бизга маҳаллада яшовчи фуқароларнинг 12–15 фоизини ушбу дафтарга киритиш вазифаси топширилган эди. Йиғилишларда бунинг сабаби шундай тушунтирилган эди: «Юқори минбарларда мамлакатимиз аҳолисининг ана шунчасини қашшоқлар ташкил этиши айтилмоқда, шу сабабли «Темир дафтарда» ҳам бу рақам ўз аксини топиши керак».

Дастлаб ана шу топшириқ асосида маҳалламизда ташкил этилган «Темир дафтар»га 30 нафарга яқин фуқарони киритдик. Яъни белгиланган «норма»ни бажаришга ҳаракат қилдик. Рўйхатга қарасак, ундаги одамларнинг ҳаммасини ҳам қашшоқ деб бўлмайди. Айримларининг турмуши талаб даражасида бўлмаса ҳам, икки қўли бутун, ҳаракат қилса пул топиб, ўзи ва оиласи яхшироқ яшаши учун имкони бор эди. Кўп ўйлаб, «норма»ни бажармаганлигимиз учун гап эшитсак ҳам, рўйхатимиз ҳақиқатга яқин бўлсин деб, 20 кишини қолдирдик.

Фото: Nurobod.uz

Озми-кўпми, дафтардагиларга ёрдам кўрсатилди. Айниқса, пандемиянинг энг оғир карантин даврида моддий ва пул ёрдами қатор оилалар учун сув ва ҳаводек зарур эди. Аммо кўп ўтмай «Темир дафтарда»гиларни ундан чиқариш ҳаракати бошланди. Тўғри, бир умр барчани дафтарда ушлаб туриш мумкин эмас. Лекин ўта муҳтож, боқувчисини йўқотган ёки ногиронлиги сабаб тўшакка михланиб қолганларни рўйхатдан чиқариш, «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» бўйича ҳам 100 фоизлик натижа кўрсатилишидан ўша «ғалаба рапортлари»нинг ҳиди келмаяптими?

Яна бир мисол.

Йил бошида маҳаллаларга «Йўл харитаси» тайёрлаш топширилади ва 30 саҳифадан ортиқроқ бўлган намуна юборилади. Ҳужжатда йил давомида бажарилиши лозим бўлган ишлар тўплангандек, гўё. Аммо унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мумкинми, деган савол ҳеч кимни қизиқтирмайди ва энг асосийси — ўша вазифалар бажарилдими ёки йўқми, бу ёғи билан ҳеч ким қизиқмайди.

Маҳалла раислари янгидан сайланса-чи?

Маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасига юклатилган янги ва залворли вазифаларни бажариш учун маҳалла ходимларининг малакаси, тажрибаси ва савияси шунга мос бўлиши лозим.

Мана, МФЙ раисларини олайлик.

Улар тизим ислоҳ қилинганидан олдин 2019 йилнинг май ойида сайланган эдилар. Сайловдан олдин беш нафаргача номзод кўрсатиш сўралган эди. Туман (шаҳар) ҳокимликларида тузилган комиссия, кўп ҳолларда ҳокимнинг ўзи, улардан икки-уч нафари тасдиқлаб, номзодини сайловга киритган эди.

Ана шундай «танлов»дан кўп ҳолларда ўз фикрини очиқ айта олишдан ҳайиқадиган, йиғилишларда жим ўтирадиган, амалдорлар айтганларини муҳокама қилиб ўтирмасдан сўзсиз бажарадиганлар ўтган эди. Шундай экан, натижа қандай бўлиши керак? Ташаббус қаердан чиқади?

Айрим маҳалла фуқароларининг ўз раислари устидан шикоятларини эшитиб, нега унга овоз берганларини сўраганимда, улардан «нима қилиш керак эди, биз ўтказмоқчи бўлган номзодни ҳоким тасдиқламади, қолган иккитадан бироз дурустроғига овоз бердик-да», деб жавоб оламан.

Шуларни ҳисобга олиб, шу йилнинг май-июнь ойларида маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг сайловини ўтказишни таклиф этаман. Уч йил ишладик. Раисларни беш йилга сайлаш тартиби янги сайловлардан кейин жорий этилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Фото: Nurobod.uz

Номзодлар халқ дарди билан яшайдиган, маҳалладошларига чин дилдан кўмаклашишга тайёр, маҳалланинг қарию ёши ҳурмат қиладиган, маҳалла оғирини енгил қилишга қодир, қўлидан аниқ бир иш келадиган инсонлар бўлсин. Яна шуни инобатга олиш лозимки, эндиликда компьютерда ишлашни билмайдиган, интернет билан дўстлашмаган, онлайн мулоқотдан узоқ бўлганларнинг раҳбар, жумладан МФЙ раиси бўлиб ишлаши анча оғир.

Мақоланинг аввалида маҳалла азалдан анъаналар маскани бўлганлиги уқтирилган эди. Кейинги даврда унинг функция ва вазифалари сезиларли даражада ўзгарди. Бу кўп асрлик тарихга эга бўлган тизимга қандай таъсир этганлигини қисқача кўриб чиқдик.

Анъаналар, урф-одатлар, қадриятларни сақлаб қолиш муҳимлиги ҳамда маҳаллалар номлари «замонага мос» бўлишига интилиш доим ҳам ўзини оқламаслиги ҳақида алоҳида мақолада фикр юритилади. Демак...

(Давоми бор)

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд шаҳар «Боғимайдон» МФЙ раиси, журналист

Top