10:39 / 21.01.2022
10778

Нурободлик ўқувчига эски ноутбук берилиши ортидан туман ҳокимининг ўринбосари ҳам ишдан бўшатилди

Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 41-мактаб ўқувчиси Сардор Сатторовга эски ноутбук берилиши ортидан туман ҳокимининг ўринбосари ҳам ишдан бўшатилган. Бу ҳақда вилоят кенгаши сессиясида Эркинжон Турдимов маълум қилган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, 21 январ куни Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилмоқда. Сессияда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Нурободдаги эски ноутбук масаласига муносабат билдирган. Унинг маълум қилишича, танловни ўтказишга масъулиятсизлик қилган Нуробод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсатига масъул ўринбосари Наврўзбек Жалолиддинов ишдан бўшатилган.

«Мана шу масалани кўтариб чиққан журналист ва блогерларга раҳмат. Бундан раҳбарлар хулоса қилиши керак. Танқид қилган одамни ёмон кўриш керак эмас, кўтарилган муаммони ҳал этиш лозим. Танловни ўтказишга масъулиятсизлик билан ёндашгани учун туман ҳокимининг ёшлар сиёсатига масъул ўринбосарига дастлаб ҳайфсан берилганди. Аммо кеча вазифасидан озод этдик. Бундай тадбирларни сохта обрў орттириш, кимларгадир яхши кўриниш учун ўтказмаслик керак», — деган Эркинжон Турдимов.

Маълумот учун, Сардор Сатторовга эски ноутбук берилиши ортидан Нуробод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Наврўзбек Жалолиддиновга аввалроқ ҳайфсан интизомий жазоси қўлланганди.

Бундан ташқари, Нуробод тумани ХТБ таълим жараёнига АКТни жорий этиш шуъбаси бош мутахассиси Аслиддин Дангалов ва вилоят ХТБ педагогик-психологик ташхис фаолиятини ташкил этиш шуъбаси мудири Хуршид Ғозиев билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганди.

Top