11:56 / 23.01.2022
13126

Араб коалицияси Ямандаги қамоқхонага зарба берди: камида 70 киши ҳалок бўлган

Яманнинг Саад шаҳридаги қамоқхонага берилган авиазарба оқибатида камида 70 киши ҳалок бўлган. Саад - 2015 йилдан буён Саудия Арабистони етакчилигидаги араб коалициясига қарши курашиб келаётган исёнчи ҳусийчиларнинг муҳим таянч нуқталаридан бири ҳисобланади.

Фото: Getty Images

Қамоқхонага зарба жума тонгида рўй берган. Коалиция ҳафта бошида Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудига ҳусийчилар томонидан қилинган ҳужумга жавобан бир неча кун давомида Яман ҳудудида авиарейдлар ўтказди.

Сўнгги рейд ҳақиқий хаос келтириб чиқарган. Маҳаллий расмийлар аҳолини жабрланганлар учун қон беришга чақирган, телевидениеда вайрон бўлган қамоқхона тасвирлари кўрсатилган - видеоларда махсус техникалар йўқлиги туфайли харобалар остида қолиб кетган одамларни қўлда чиқариб олишга уринишаётганини кўриш мумкин.

Қурбонларнинг аниқ сони ҳалигача маълум бўлмаган. «Чегарасиз шифокорлар» шифохоналардан бирига 200дан ортиқ жабрланувчи олиб келинганини маълум қилган.

«Воқеа жойида кўплаб жасадлар ётибди, жуда кўп киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Қанча одам ҳалок бўлганини айтиш имконсиз. Бу жуда даҳшатли зўравонлик актидир», деган «Франс пресс» агентлиги билан суҳбатда «Чегарасиз шифокорлар»нинг Ямандаги бўлими бошлиғи Аҳмед Маҳат.

Save the Children халқаро гуманитар ташкилоти хабарига кўра, Ходейда порт шаҳридаги алоқа марказига берилган яна бир авиазарба оқибатида футбол ўйнаётган уч бола ҳалок бўлган. Тахминан шу вақтда бутун мамлакат бўйлаб интернет ўчиб қолган. Ҳусийчилар ҳукумати буни авиазарбалар билан изоҳлаган.

Аввалроқ Яман пойтахти Санога қилинган ҳужум оқибатида 23 киши, Мағриб шаҳрига амалга оширилган ракета зарбалари оқибатида эса 29 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар берилганди.

Норвегиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги доимий вакили Мона Юул ташкилот Ямандаги вазият кескинлашаётганидан хавотир билдирган.

«Биз бўлаётган ҳодисалардан қаттиқ ташвишдамиз ва томонларни кескинликни камайтиришга чақирамиз. Бунга йўл қўйиб бўлмайди ва биз барча томонларни тийилишга чақирамиз», деган у.

2015 йилда Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган «Ансар Аллоҳ» ҳаракати таркибига кирувчи ҳусийчилар ва саудлар раҳбарлигидаги коалиция ўртасида бошланган урушдан Яман катта жабр кўрмоқда. Доимий авиазарбалар натижасида асосан тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлишади. Шу вақтга қадар берилган қурбонлар сони ўн минглаб. Шунингдек, 10 мингдан ортиқ болалар ҳалок бўлган.

Сўнгги авиазарбалар тўлқинига душанба куни БАА ҳудудига ҳусийчилар томонидан дронлар орқали ва ракеталар билан ҳужум қилиниши сабаб бўлди. Ўшанда ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан уч киши ҳалок бўлганди.

Мавзу
Ямандаги уруш

4 декабрь куни Яманнинг собиқ президенти, мамлакатни 33 йил давомида бошқарган Абу Абдулла Солиҳ ўлдирилди. Энди Яманда фуқаролик урушининг иккинчи босқичи бошланди.

Барчаси
Top