20:40 / 23.01.2022
3722

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги жамғармасига 15 млрд сўм ажратилди

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига бир марталик 15 млрд сўм миқдоридаги молиявий кўмак маблағларини ажратиш назарда тутилган.

Жамғармага давлат бюджетидан ажратилган маблағлар қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

  • самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларни мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, олий таълим муассасалари ва ўқув марказларида жорий этиш;
  • хорижий давлатларда чоп этиладиган замонавий ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни, халқаро тестлар ва уларни жорий қилиш учун тегишли рухсатнома ва лицензиялар, хорижий тилларни ўргатишга қаратилган контентларни муаллифлик ҳуқуқларини харид қилиш;
  • хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини, дастурий таъминот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • хорижий тилларни пухта ўзлаштириш, тилнинг асосий кўникмаларини шакллантириш учун видеоролик, ўйин, кўнгилочар кўрсатув, фильмлар ва бошқа ўргатувчи контент яратиш;
  • фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этиш ва бошқалар.

Таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасалар (синфлар)да фаолият юритаётган камида С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига 50 фоиз устама 2022 йил 1 февралдан бошлаб тўланади.

2022 йил 1 майга қадар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига халқаро тан олинган баҳолаш ташкилотлари билан ҳамкорликда педагог кадрнинг малака тоифасини олиш бўйича чет тили фани ўқитувчиларининг малака синовларида тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш топширилди.

Top