09:23 / 26.01.2022
8498

Президент Самарқанд архитектура-қурилиш университети бўйича қарор имзолаши кутиляпти

Президентнинг “Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти фаолиятини илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети деб қайта номланади.

Қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро миқёсда танилиши ва рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида университетни трансформация қилиш;
  • университетнинг академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллигини таъминлаш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
  • университет таълим тизимини илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида жаҳонда тан олинган халқаро таълим стандартлари билан уйғунлаштириш;
  • университет – ташкилот (корхона) ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларини трансформациялаш, иш берувчи корхоналарни пассив “истеъмолчи”ликдан ўқув жараёнининг фаол иштирокчисига айлантирувчи тизимни шакллантириш;
  • нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини таълим жараёнига жалб этиш ҳамда онлайн курслар, маърузалар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш орқали таълим сифатини ошириш;
  • университет профессор-ўқитувчиларини етакчи хорижий ўқув, илмий ва ишлаб чиқариш ташкилотларида малакасини ошириш, ҳамда стажировкасини ташкил қилиш;
  • иқтидорли битирувчиларнинг республика ва хорижий олий таълим муассасаларида (илмий марказларда) магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини ташкил этиш орқали соҳада илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш;
  • хорижий фуқароларни белгиланган тартибда бакалавриат, магистратура ва докторантурага қабул қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва улар сонини ошириш;
  • университетда Олий илм-фан мактабини (илмий-ижодий мактаблар, илмий тадқиқот марказлари, инкубация маркази, илмий-техник ва ихтисослашган кенгашлар, IТ ва StartUP марказлари) хорижий тажриба асосида ташкил қилиш. Илмий изланувчиларга илмий тадқиқот ишларини бажариш учун кенг имконият ҳамда шароитлар яратиш орқали университет илмий салоҳиятини ошириш;
  • университетда яратилган илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва илмий-тадқиқот фаолиятидан маблағлар тушумини кўпайтириш;
  • профессор-ўқитувчиларнинг хорижий ва давлат грантлари лойиҳаларида иштирокини ошириш;
  • халқаро ахборот-таҳлил тизимлари орқали жаҳондаги илмий-тадқиқот натижаларини таҳлил қилган ҳолда архитектура ва қурилиш соҳасини илм-фаннинг илғор ютуқлари билан мос равишда ривожланишини таъминлаш;
  • университет таъсисчилигидаги илмий-амалий журналларнинг “Scopus”, “Science Direct” томонидан индексланишига ва бошқа халқаро илмий-техник маълумотлар базаларига босқичма-босқич киритилишини таъминлаш;
  • етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш фаолиятини кенгайтириш;  
  • университетнинг миллий рейтингдаги позициясини яхшилаш, халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингларидаги энг нуфузли олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш;
  • архитектура ва қурилиш соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксизлигини, шунингдек, тасарруфидаги академик лицей ва профессионал таълим муассасалари таълим дастурларининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
Top