12:19 / 02.02.2022
1174

Фақат Тошкентда эмас: Жиззахда ҳам номаълум шахслар 5 туп дарахтни кесиб қочиб кетишди

Жиззах шаҳрида 5 туп дарахт номаълум шахслар томонидан кесиб кетилган. Вилоят Экология бошқармасининг хабар беришича, ҳолат юзасидан қонунбузарларни топиш учун ИИБга хат чиқарилган.

Маълум қилинишича, Жиззах шаҳрининг Жиззахлик маҳалласи, Х.Носиров кўчаси, 7-уйда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар 2022 йил 30 январь куни ушбу ҳудудда номаълум кишилар томонидан дарахтлар кесилаётгани юзасидан вилоят Экология бошқармасига мурожаат қилган.

Мурожаат назоратга олинган ва Жиззах вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Назорат инспекцияси ходимлари ҳамда Жиззах шаҳри, Жиззахлик маҳалласи профилактика инспекторлари ва мурожаатчи фуқаролар томонидан ҳолат жойига бориб ўрганилган.

Ўрганиш давомида Х.Носиров кўчасида жойлашган 7-уйнинг орқа тарафида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида экилган, ҳозирги кунда ўсишдан тўхтамаган, жами 5 туп, шундан 3 туп қайрағоч, 1 туп акация ва 1 туп тут дарахти икки нафар номаълум шахс томонидан таг қисмидан кесилгани, оқибатда 1 туп акация дарахти қулагани, қонунбузарлар воқеа жойидан қочиб кетгани аниқланган.

Ушбу ҳолатда “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4, 37, 49-моддалари талаби бузилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, суриштирув ишлари олиб бориш ваколати Экология органларига берилмагани сабабли ҳуқуқбузарларни аниқлаш ҳамда юқоридаги қонун ва фармонлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят Экология бошқармаси Жиззах шаҳар бўлими томонидан Жиззах шаҳар ИИБга хат чиқарилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари бошлаб юборилган.

Маълумот учун, Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-46-сон Фармонига мувофиқ, Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган.

Top