11:21 / 02.02.2022
10792

Қозоғистон парламенти Назарбоев билан сиёсий ташаббусларни мувофиқлаштириш нормасини бекор қилди 

Фото: akorda.kz

Қозоғистон мажлиси (парламентнинг қуйи палатаси) чоршанба куни Сенатнинг (юқори палата) қонун ҳужжатларига республика биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан ташқи ва ички сиёсат асосий йўналишлари бўйича янги ташаббусларни мувофиқлаштириш заруриятини бекор қилишга оид тузатишларини маъқуллади.

27 январь куни Сенат Назарбоевнинг Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши ва Халқ ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи тузатишларни қабул қилди. Йиғилишдан сўнг Сенат депутати Лаззат Сулаймоннинг тушунтиришича, парламент аъзолари, шунингдек, ташқи ва ички сиёсатнинг асосий йўналишларида ишлаб чиқилаётган ташаббуслар Назарбоев билан келишилган бўлиши кераклиги ҳақидаги қонунчилик нормасини ҳам чиқариб ташлашни таклиф қилган. 

Шундан сўнг Сенат мазкур қўшимча киритилган қонун лойиҳасини тасдиқлаш учун мажлисга юборди. Шу тариқа, Назарбоевнинг Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши ва Халқ ассамблеясига умрбод раислигини бекор қилиш, шунингдек, у билан янги ташқи ва ички сиёсий ташаббусларни мувофиқлаштириш заруратини тугатиш тўғрисидаги тузатишлар эндиликда бутун парламент томонидан қабул қилинган деб ҳисобланади. Қонун ҳужжатларига киритилган ушбу ўзгартиришлар давлат раҳбари томонидан тасдиқланиши керак. 

Шу билан бирга, Назарбоев республика парламенти ва унинг палаталари олдида, ҳукумат мажлисларида мамлакат учун муҳим масалаларни муҳокама қилишда сўзга чиқиш, шунингдек, республика Конституциявий кенгаши аъзоси бўлиш ҳуқуқини сақлаб қолади. 

Сешанба куни парламентнинг янги раиси этиб аввал президент маъмурияти раҳбари лавозимида ишлаб келган Ерлан Кошанов сайланди. Парламент қуйи палатасининг жорий йиғилиши унинг учун янги лавозимдаги биринчиси бўлди. 

Top