17:46 / 02.02.2022
21237

#surishkerak — хавотирли трендми ё табиий жараён?

Ижтимоий тармоқда монополия ё коррупция мавзуси кўтарилди – #surishkerak. Таълим сифати паст – #surishkerak. Қишлоқда газ, свет йўқ, кўчалар лой – #surishkerak... Қониқмаслик кайфиятидан келиб чиққан бу тренд келгусида салбий оқибатлар яратадими ёки у хавфсиз ва табиий жараёнми?

Фотоколлаж: Kun.uz

Ижтимоий тармоқлар – фуқаролар ўз фикрини билдирадиган: танқид қиладиган, мақтайдиган, шикоят қиладиган ёки нолийдиган, хуллас, эмоциялари-ю, қарашларини бемалол ифода этадиган платформаларга айланиб улгурди.

Тармоқларда бирор муаммо кўтарилганда #surishkerak деган шиорлар билан фикр билдириш эса бир неча йилдан бери шаклланган анъанага айланди.

Сабаблар ҳақида қисқача

Одатда, бу ибора бирор бир жиддийроқ муаммо кўтарилганда одамлар томонидан охирги илож четга кетиб ўша ерда янги ҳаёт бошлаш керак, деган маънода ишлатиладиган бўлиб қолди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг фикрларига кўра, қуйидаги асосий сабаблар суриш фикрига келишга сабаб бўлиши мумкин:

  • қонунлар етарлича ишламаслиги;
  • коррупция;
  • непотизм;
  • қадрсизланган ақлий меҳнат;
  • монополиялар;
  • ишсизлик, маошлар камлиги.

“Эртакларда ҳайвонлар Сусамбил деган ажойиб диёрни излаб кетгани каби одамларда ҳам четга кетиш – суриш иштиёқи уйғонган”, дейди Facebook фаолларидан бири.

“Америка овози” журналисти, ўқиш сабаб чет элга кетган ва АҚШда ишлаётган ватандошимиз Беҳзод Мамадиевнинг фикрича, ривожланаётган давлатлардан ривожланган давлатларга миграция кайфияти шаклланишининг 2та сабаби бор:

— ижтимоий-сиёсий;
— иқтисодий, яъни тирикчилик дарди.

“Ривожланаётган давлатларда пул топиш имконияти қийинроқ бўлгани учун одамлар ривожланган давлатларга интилишади. Ҳатто Европанинг бир ҳудудидан бошқа ривожланган ҳудудларига миграция қилиш ҳам табиий ҳолат. Ижтимоий-сиёсий омил деганда эса эркинликни назарда тутдим. Инсон ишига эркин бориб келса, виждон эркинлиги таъминланган бўлса, ўзини эркин ҳис қилиши мумкин.

Яна баъзилар моддий томондан имконияти яхши бўлса-да, фарзандларини тарбиялаш учун четга кетиши мумкин”, дейди Беҳзод Мамадиев.

“#surishkerak тренди турли муаммолар билан кўндаланг қўйиляпти, лекин бу – табиий жараён”

 

Завқиддин Гадоев

Социолог Завқиддин Гадоев четга кетиш иштиёқининг кучайиши миграция каби табиий жараён эканини айтади.

— Бугунги кунда мавжуд бўлган турли ижтимоий масалалар, мавзулар #surishkerak шиори остида кўтариляпти. Лекин миграция – табиий жараён ва бутун дунёда аввалдан бор бўлиб келган. Миграцияда, асосан, ёшлар фаол бўлади ва улар турли ҳолат ва мақсадларда миграция қилишади. Ўқиш, иш бу мақсадларнинг таркибий қисмларидан бири бўлиши мумкин.

Лекин бугунги кунда айнан #surishkerak тренди турли муаммолар билан бирга кўндаланг қўйилмоқда. Ижтимоий муаммолар ҳар бир жамиятда мавжуд, бундай муаммоларсиз жамият жамият бўла олмайди. Фақатгина ижтимоий муаммоларнинг мавжудлигини ўрганадиган, уларни кўрсатиб бера оладиган ва ҳал қила оладиган механизм бўлиши керак. Ривожланган дунёнинг барча мамлакатларида ижтимоий сўров институтлари – социологик тадқиқот институтлари фаолият олиб боради ва жамиятнинг энг қуйи қатламидан юқорисигача ўрганади. Бу институтлар жамият аъзоларининг кайфиятини ўрганиб, ҳукуматга хулосалар бериб туради. Ўзбекистонда ҳам ижтимоий сўров институтлари мавжуд, лекин уларни тўлақонли фаолият олиб боряпти, деб бўлмайди.

Фикримча, ёшларнинг чет элга кетишга қизиқиши ёмон ҳолат эмас, яхши ҳолат. Чунки ўзига бўлган ишонч чет давлатда, ота-онадан узоқда, ёлғиз мустақил ҳолатда ҳам шаклланади. Тарихда боболаримиз ҳам узоқ давлатларга илм излаб боришган. Лекин ёшларнинг орқага, ватанга қайтиб олган билим ва тажрибаларини шу ерда амалга татбиқ этиши жуда муҳим. Бунинг учун уларга шароит ҳам яратиш лозим. Биз эса ҳали-ҳалигача анъанавий жамият сифатида сақланиб қоляпмиз.

Тўғри, жамият анъаналарсиз яшай олмайди, лекин уларни ҳам замонга мослаштириш, жамиятнинг фаол қатлами нуқтайи назарини ҳисобга олган ҳолда ўзгартириб бориш лозим. Анъаналар деганда, тўй маросимлари ёки бошқа кундалик одатларимизга айланган ҳолатларни киритиш мумкин. Бу анъаналарни соддалаштирсак, ёшларга осонроқ бўлади.

Айтмоқчиманки, ёшлар чет элга кетаётганининг асосий сабаби бу ердаги қийин ҳаёт, ижтимоий муаммоларнинг кўплигида ҳам эмас. Муаммолар ҳамма жойда ҳам бор, анъаналарнинг кўплиги, катталарнинг ёшларга таъсири кучлилиги ҳам уларнинг кетишига сабаб бўлиши мумкин.

#surishkerak кайфиятининг шаклланиши олдин мураккаброқ бўлган, лекин ҳозир жаҳонни бирлаштириб турган интернет орқали ҳам ёшлар четдаги имкониятлардан кўпроқ фойдаланишяпти. Улар турли грантлар, иш таклифлари орқали четга чиқа олишяпти. Бундан ташқари, чет тилига бўлган эътиборнинг кучайиши ҳам ёшларнинг чет элга қизиқишини оширяпти.

“Таълим тизимидаги адолатсизлик сабаб чет элга кетганман...”

Муҳаммадсаид Фатуллаев

Муҳаммадсаид Фатуллаев айни пайтда Германиянинг Шмалкалден амалий билимлар университетида ўқийди. У олий таълимга кириш имтиҳонлари ниҳоятда коррупциялашган давр – 2014 йилда имтиҳон топширган ва муваффақиятсизлик сабаб 2016 йилда чет элга ўқишга кетган.

“Чет элга кетишимга сабаблар, аслида, кўп. Лекин асосийси – ўша пайтдаги таълим тизимидаги адолатсизликлар, имтиҳондаги кўзбўямачиликлар деб ўйлайман. Биз топширган вақтлари фақат битта ОТМни танлаш мумкин эди.

Тошкент молия институтига ҳужжат топшириб, имтиҳонда адолатсизлик қурбони бўлганман. Нафақат мен, мен билан аудиторияда ўтирган бошқалар ҳам буни бошдан ўтказишган. Ўшанда кириш имтиҳонида бир нечта бола “шпаргалка” билан қўлга тушган, назоратчилар ўзларини уларни дастлаб чиқариб юборишмоқчи бўлишгандай тутишган гўё. Биз – биринчи йил ўқишга топшираётган соддалар, майли неча йилдан бери ўқишга кира олишмаётган бўлса, аудиториядан чиқармай қўяқолинглар деганмиз. Имтиҳон охирида эса айнан ўша болаларга тестларни ўқитувчилар ишлаб бераётганини кўрганман. Бу менга қаттиқ таъсир қилганди.

Ўшанда ўзимга ишончим жуда баланд эди. Шунинг учун бошқа жойга, Самарқанддаги ОТМларга ҳам ҳужжат топширишни хоҳламаганман. Бу ҳолатда ҳеч кимни: давлатни ҳам, таълим тизимини ҳам айбламайман. Ўша абитуриентларга саволларни ўқитувчилар ишлаб берган бўлса, демак, улардан ҳам яхшироқ бўлишим керак эди, деган фикрлар хаёлимдан ўтади. Сабаби улар ҳам саволни ишлай олиш учун ўқиб ўрганишган.

Ўшандан кейин чет элга бориб ўқишга қарор қилдим ва шунга яраша тайёргарлик кўра бошладим. Молиявий имкониятларимни, билимимни ҳисобга олиб ўқишга боришим мумкин бўлган давлатлар харитасини туздим. Ҳозир эса Германиядаман, ўқишларим яхши”, дейди у.

Вашингтонда, “Америка овози” нашрида ишлаётган ватандошимиз Беҳзод Мамадиев ҳам ўқиш сабабли чет элга кетган.

Беҳзод Мамадиев

“Мен ҳам бир пайтлар чет элга кетганман. Мақсадим ўқиш эди. Дастлаб, Ҳиндистонда бакалаврни ўқидим, ундан кейин АҚШга магистратура даражасини олиш учун келганман. Асосий мақсадим – янги билимларга эга бўлиш эди. Ўқишни тугатиб АҚШда ишлаб қолдим.

Чет элда ўқиш имкони бўлса, буни ҳаммага таклиф қилган бўлардим. Сабаби чет элда ўқиш, ишлаш орқали янги билимларни ўзлаштирасиз, маданиятлар билан танишасиз, тоқатлироқ бўласиз. Бу – биз орзу қиладиган демократик давлатни қуришда асқатади”, дейди Беҳзод Мамадиев.

Муҳаммадсаид Фатуллаев Ўзбекистонга қайтишни, ватан тараққиёти учун ҳисса қўшишни жуда хоҳлашини билдирди. У ўқишлари тугаб, ватанга қайтиб, ўз бизнесини бошлашни хоҳлайди, фақат бизнеси қонунлар доирасида тўла ҳимоя қилинишини истайди.

Бу эса Беҳзод Мамадиевнинг фикри: “Мен журналистман. Агар мен кутгандай шароит бўлса, албатта, Ўзбекистонга қайтаман. Журналистга моддий шароитдан кўра, ҳақиқий маънодаги сўз эркинлиги, қонунлар доирасида хоҳлаган мавзуда ахборот йиға олиш ва тўплаган маълумотларини ҳеч қандай ташқи, ички цензураларсиз, эркин тарзда тарқата олиш имкони керак. Мана шу шароитнинг бўлиши бизга ўзимиз учун моддий қулайликлар яратиб олишимизга ҳам имкон беради”.

“Тил ўрганаётган ёшларнинг ҳаммаси ҳам кетиш истагида эмас”

Асрорбек Тошев

Биз IELTS инструктори Асрорбек Тошевдан инглиз тилини ўрганаётган ёшлар кайфияти ҳақида сўрадик.

“Умуман олганда, инглиз тили ўрганадиган ўқувчиларнинг кўпчилиги хориж университетларида ўқишни орзу қилишади. Лекин улар ичидан атиги 20-30 фоизида аниқ ҳаракат ва мақсад бўлади. Чунки бу ерда бир нечта факторларни ҳисобга олиш керак.

Биринчиси, албатта, молиявий омил. Яъни чет элга кетаётган ўқувчилар албатта, аксарияти университетларидан грант олиб кетишни исташади, лекин бунинг учун танлов жуда юқори бўлади. Бунда IELTS имтиҳонидан яхши натижанинг ўзи етарли эмас. Бошқа академик ютуқларни ҳам қўлга киритган ва уларни намойиш эта билиш керак.

Ҳозирги кунда турли агентликлар бор, шулар орқали ҳужжат тайёрлаб, Европа, Америка ва Осиёдаги бошқа университетларга кетаётган талабалар ҳам кўп. Лекин бу хизматлар ҳам бепул эмас.

Яна бир омил – жинс ва менталитет фактори. Қизларнинг ота-оналари нафақат хориж, балки пойтахтда ўқишга ҳам баъзида рухсат беришмайди. Шунинг учун оқибатда маҳаллий олий ўқув юртига топширишга мажбур бўлишади. Ундан ташқари, четга кетишнинг виза ва шунга ўхшаш бошқа тарафлари ҳам бор”, – дейди Асрорбек Тошев.

Интеллектларнинг “суриши” “мия қуриши”га олиб келади

“#surishkerak кайфиятининг оммалашиб кетиши жамият учун салбий таъсир қилади, деб ўйламайман. Сабаби миграцияда кетиш билан бирга келиш ҳам мавжуд, – дейди социолог Завқиддин Гадоев. – Лекин бир томони борки, миграциянинг энг салбий тарафи – интеллектларнинг миграцияси ҳисобланади. Интеллектларнинг кетиши жамият учун катта йўқотиш бўлади. Интеллектларни ватанда олиб қолиш учун бир бутун дастур ишлаб чиқилиши керак. Ҳозир ҳам маълум миқдорда бундай дастурлар ишлаяпти, лекин ғализликлар кўп”.

Журналист Беҳзод Мамадиевнинг фикри ҳам шунга ўхшаш:

“Четга фуқароларнинг чиқиб кетишининг ижобий ва салбий томонлари бор. Ижобий томони вилоятларда қанча оилалар рўзғор тебратяпти. Салбий тарафларидан бири эса интеллектларнинг ҳам четга чиқиб кетиши билан боғлиқ. Буни “миянинг қуриши” деб ҳам аташади. Билимли кадрларнинг бошқа давлатларда компаниялар манфаати учун ишлаши – мамлакатга зарар.

Лекин уларни фақатгина моддий жиҳатдан яхши шароит яратиб ҳам мамлакатга мажбуран қайтариб бўлмайди. Интеллектларнинг ўзлари ихтиёрий равишда мамлакатга қайтишни бошлаши мамлакат фаровон бўлишига ёрдам беради. Улар эса маъмурий-бюрократик тўсиқларсиз, қонун доирасида эркин ишлаш имконига эга бўлса, мулкий, фуқаролик ҳуқуқлари муҳофазаси таъминланса, қайтади. Бу – ижтимоий-сиёсий вазият яхшиланиши билан бирга, иқтисодиётнинг ҳам гуркираб ривожланишига ёрдам беради”.

“Ўзбекистонда ҳали рақобат жуда кучли эмас, яхши кадр ўрнини топа олади”

Фируз Аллаев

Фируз Аллаев, тадбиркор, Asaxiy.uz лойиҳаси асосчиси:

— Мен #surishkerak ғоясига, одатда, бутунлай қарши бўламан. Сабаби Ўзбекистонда ҳали ривожланиш имкониятлари кўп, рақобат ҳали жуда кучаймаган. Бу ерда нимадир яратиш бошқа давлатларга қараганда осонроқ. Сабаби ҳали профессионал кадрлар етишмовчилиги бор, қолаверса, охирги йилларда шаффофлашиш амалга оширилиб, имкониятлар пайдо бўлди. Демак, бутунлай суриш эмас, инсон ўзи устида ишлаши керак. Агар инсон профессионал, толерант, очиқ дунёқарашли бўлса, ўқиб-ўрганса, у дунёнинг хоҳлаган давлатида қадрланади.

Суришни эса фақат бир томонлама қўллаб-қувватлайман: бошқа бир давлатга бориб яшаш инсон учун алоҳида ҳаёт тажрибаси бўлади, дунёқарашда ўзгаришларга олиб келади, ҳаётга бошқа тарафдан қараш имкони бўлади. Шунинг учун ҳам кўп саёҳат қилганларнинг дунёқараши фарқланиб туради. Шу сабабдан ҳам ёшларнинг четда ўқиши ёки ривожланган давлатлардаги компанияларда 2-3 ёки 5 йил ишлаши доим фойдага хизмат қилади. Эътибор берилса, Ўзбекистондаги катта бизнесларнинг эгалари ҳам четда ўқиб, малака ошириб келишган.

Чет элда қолиб кетиш эса ҳамманинг шахсий қарори. Лекин тушуниш керакки, Ўзбекистондек рақобат ҳали кучли бўлмаган давлатда ҳақиқий билимли кадр ўрнини топа олади. Билимли кадрларнинг келиши мамлакатда умумий вазиятнинг ривожланиши ва иқтисодиётнинг ривожланишига ҳам ҳисса қўшади.

Қолиш ё кетиш қарори

Аслида, хорижга кўчиб кетиш ҳам, келажагини шу юртда қуриш ҳам ҳамманинг ўз шахсий қарори. Аниғи шуки, давлат ўз фуқаролари, интеллектлари ватаннинг ўзида имкониятларини намоён қила оладиган, коррупциядан, непотизмдан ва тараққиётга тўсиқ бўладиган ҳар қандай тўсиқлардан холи жамият қуриш йўлида доимий харакатда бўлиши керак.

“Суриш керак” тренди, гарчи ривожланаётган давлатлар учун табиий жараён бўлса-да, жамият фаол ва билимли аъзоларини йўқота бориши билан хавфли. Бунинг олдини олиш учун эса иқтисодий ўсишга эришиш билан бирга, сиёсий ислоҳотлар ҳам давом эттирилмоғи лозим. Иқтисодий ўсиш яхшироқ маош ва шароит истовчи етук кадрлар юртда қолишига сабаб бўлса, сиёсий янгиланишлар зиёли ва ижодкор инсонларда ўз келажагини ўз ватани билан кўпроқ боғлашига олиб келади.

Зилола Ғайбуллаева,
Kun.uz мухбири

Top