19:55 / 03.02.2022
3369

“Минтақавий брендлар ривожланмай қолмоқда” — “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги қонун нега кераклигига изоҳ берилди

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ўзбекистонда географик кўрсаткичлар белгиланмоқда. Олий Мажлис Сенатининг 3 февраль куни бўлиб ўтган 23-ялпи мажлисида тегишли қонун маъқулланди.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаровнинг айтишича, бу қонун 2021 йил 28 январдаги президент қарори билан тасдиқланган Интеллектуал мулк муҳофазасини мустаҳкамлаш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

“Интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчиликка мувофиқ, минтақавий брендларни ривожлантириш воситаларидан бири – интеллектуал мулк объекти бўлган товар келиб чиққан жой номлари ҳисобланади. У географик объектлар, шу жумладан, маъмурий-ҳудудий бирликлар, табиий объектлар билан узвий боғлиқ.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда фақат 4 та товар келиб чиққан жой номи рўйхатдан ўтказилган, шулардан 2 таси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлса (“Bagizagan” – Самарқанд вилояти; “Сhortoq” – Наманган вилояти), қолган 2 таси хорижий ишлаб чиқарувчиларга тегишли.

Шунингдек, маҳаллий юридик ва жисмоний шахслар томонидан 18 200 дан ортиқ товар ва хизмат кўрсатиш белгилари рўйхатдан ўтказилган. Лекин интеллектуал мулкнинг бу соҳасидаги бундай ҳолат сабабли Ўзбекистон ҳудудлари маълум бир ҳудудга хос маҳсулотларини, айниқса қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасидаги маҳсулотларни оммалаштириш ва ривожлантиришда етарли даражада имкониятга эга бўлмаган.

Оқибатда, товар келиб чиққан жой номларига бўлган қатъий талаблар сабаб мамлакатда минтақавий брендлар ривожланмасдан қолмоқда”, дея Наримон Умаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги қонунда илк маротаба “географик кўрсаткич” тушунчаси акс эттирилган. Товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилиб, унда товарнинг сифати, ном қозонгани ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.

Географик кўрсаткич, ишлаб чиқарилаётган товарни белгилаш учун номи қўлланадиган мазкур географик объектда жойлашган бир нечта юридик ёки жисмоний шахсларнинг талабномасига биноан рўйхатдан ўтказилиши мумкинлиги, бошқа манфаатдор шахслар бўлмаган тақдирда битта юридик ёки жисмоний шахс томонидан рўйхатдан ўтказишга доир талабнома бериш мумкинлиги белгиланмоқда.

Товар хусусиятлари шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатувчи товар ишлаб чиқариш жараёнининг камида бир қисми мазкур географик объект ҳудудида ўтилиши шарт бўлади.

“Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ўзининг ноёб маҳсулоти учун белгини рўйхатдан ўтказишни хоҳловчи ишлаб чиқарувчилар сони кўпайишига, энг асосийси минтақавий брендларни ривожлантиришга хизмат қилади. Бу эса ишлаб чиқарувчиларнинг географик кўрсаткич билан ҳимояланадиган қўшимча қийматга эга ўз маҳсулотини маҳаллий ва хорижий бозорларга олиб чиқишига имкон яратади”, дейди Наримон Умаров.

Сенаторлар ушбу қонунни маъқуллашди.

Top