10:19 / 04.02.2022
3550

Сенатнинг Корея Миллий ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссияси ташкил этилди

2022 йил 4 февраль куни Сенат навбатдаги ялпи мажлиси доирасида Сенатнинг Корея Республикаси Миллий ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Фото: Senat.uz

Муҳокамалар доирасида сенаторлар олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ижроси устидан тизимли парламент назоратини ўрнатиш, вазирлик ва идораларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан Корея Республикаси Миллий ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича Сенат комиссиясини тузиш ташаббуси таклиф этилди.

Қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти соҳасида тажриба алмашиш, Жанубий Корея молия институтлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар самарадорлигини ўрганиш, Жанубий Корея билан амалга ошириш режалаштирилган инвестиция лойиҳалари бўйича вазирлик ва идораларнинг таклифларини кўриб чиқиш, шунингдек, минтақалараро алоқаларни ўрнатиш ва кенгайтириш, икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш динамикасини таҳлил қилиш мазкур тузилманинг асосий вазифалари бўлиши керак.

Сенаторлар икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун майдон яратилиши мамлакатлар ўртасидаги келишувлар асосида қўйилган вазифалар ижроси юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш имконини беришини таъкидлади.

Муҳокама якунлари бўйича Сенат қарори қабул қилинди. Унга кўра сенаторлар ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар, компаниялар ва фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари киритилган комиссия низоми ҳамда шахсий таркиби тасдиқланди.  

Top