16:15 / 07.02.2022
10075

Лукашенко Беларусь фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари қуроллантирилишини айтди

Лукашенконинг сўзларига кўра, қутқарувчиларни қуроллантириш зарур, чунки Беларусга 200 ёки 300 минг кишилик армия керак эмас.

Фото: РИА Новости

Беларусь фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларининг бир қисми қуроллантирилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат президенти Александр Лукашенко маълум қилди.

"ФВВнинг барча ходимлари куч ишлатиш блокига айланишни истамоқда. Аммо куч ишлатиш тизими бўлиш учун яхши қуролга эга бўлиш лозим. Мен қайси қисмларни қуроллантиришни аниқлаш бўйича буйруқ бердим", - деди Лукашенко.

Унинг сўзларига кўра, қутқарувчиларни қуроллантириш зарур, чунки Беларусга 200 ёки 300 минг кишилик армия керак эмас.

"Кичкинагина мамлакатда 200-300 минг кишилик мунтазам қуролли кучларга эга бўла олмаймиз. Қуролли кучларимиз сони 65 минг киши бўлишига келишиб олганмиз. Аммо бирор низо, Худо кўрсатмасин, уруш бўлса, фавқулодда вазиятларнинг бақувват ходимлари четда турадими? Йўқ. Улар фақат ўт ўчириш билангина шуғулланмайди", - деди Александр Лукашенко.

 Беларусь президентининг таъкидлашича, улар бир томондан қутқарувчи, бошқа томондан ватан ҳимоячиси бўлишади.

"Бунинг учун эса қуролга эга бўлиш керак. Қандай қуролга? Тўппонча, автомат, гранатомётларга ёки уларни техникалар билан ҳам қуроллантирамизми? Менимча, ҳа. Ва армиямиз учун бу ҳар эҳтимолга қарши жиддий актив бўлади", - деди у.

Top