Ўзбекистон | 20:23 / 11.02.2022
14214
4 дақиқада ўқилади

Демократия индекси рейтингида Ўзбекистон 150-ўринда қайд этилди

Ўзбекистон Демократия индекси рейтингида беш поғона юқорилаб, 167та мамлакат ичида 150-ўринга лойиқ кўрилди. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг барчаси авторитар режимдаги давлатлар сифатида қайд этилган.

Фото: Kun.uz

Буюк Британиянинг Economist Intelligence Unit тадқиқот маркази 2021 йил учун Демократия индекси рейтингини эълон қилди. Унда 165та давлат ва 2та маъмурий бирлик (Ҳонгконг ва Фаластин) ҳақида сўз юритилган. Ушбу рейтингда Ўзбекистон 150 поғонада қайд этилган бўлиб, 2020 йилга нисбатан ўз позициясини 5 поғонага яхшилаган.

Қайд этилишича, 2021 йилда рейтингдаги 167та мамлакатнинг 74 тасида умумий вазият ёмонлашган ва кўрсаткичлар пасайган, 46 тасида умумий вазият ўзгаришсиз қолган ва фақат 47та мамлакат ҳолати яхшиланган.

Тадқиқот натижаларига кўра, дунё аҳолисининг ярмидан камроғи (45,7 фоиз) демократиянинг қайсидир кўринишида яшамоқда. Бу 2020 йилдаги (49,4 фоиз) кўрсаткичлардан сезиларли даражада кам.

Бундан ташқари сайёрамиз аҳолисининг 6,4 фоизи (ўтган йили 6,8 фоиз бўлган) тўлиқ демократлашган жамиятларда, 37,1 фоизи (уларнинг катта қисми Хитой аҳолиси ҳиссасига тўғри келади) эса авторитар бошқарув остида ҳаёт кечирмоқда.

Ушбу индексни тузишда пандемия келтириб чиқарган муаммолар ҳам инобатга олингани билдирилган. Хусусан, саёҳат қилиш учун чекловлар жорий этилиши, блокировкалар ва вакцина олинганлиги ҳақидаги ҳужжатларнинг талаб этилиши фуқароларнинг шахсий ҳаётига ҳукумат аралашувини кучайтирган.

Янгиланган индекснинг режим тоифасида ўн учта ўзгариш бўлган: улардан тўққизтаси салбий ва тўрттаси ижобий. Икки давлат, Чили ва Испания «тўлиқ демократлашган» давлатлар рўйхатидан «нуқсонли демократлашган» давлатлар қаторига туширилган. Учта давлат ўз мақомини «гибрид режим»дан «нуқсонли демократия» тоифасига кўтарган. Буларнинг барчаси Шарқий Европа мамлакатлари: Молдова, Черногория ва Шимолий Македония. Шунингдек, Эквадор, Мексика, Парагвай ва Тунис «нуқсонли демократия» тоифасидан «гибрид режимлар» тоифасига туширилган бўлса, Мавритания «авторитар» тоифасидан «гибрид режим»даги давлатлар тоифасига кўтарилган. Қўшни республика Қирғизистон саккиз поғона пастлаб, «гибрид режим»даги давлатлар қаторидан «авторитар» таснифдаги мамлакатлар қаторига қўшилган. Худди шу каби ҳолат Гаити ва Ливан билан ҳам кузатилган.

Собиқ Иттифоқ мамлакатларидаги вазият?

Рейтингда постсовет мамлакатлари ичида энг юқори поғоналарда Эстония (27-ўрин), Литва (38-ўрин) ва Латвия (40-ўрин) қайд этилган. Учта Болтиқбўйи республикаси ва Молдовия(69-ўрин) «нуқсонли демократия» тоифасидаги мамлакатлар қаторидан ўрин олган. Украина (86-ўрин), Арманистон (89-ўрин) ва Грузия ( 91-ўрин) эса «гибрид режим»даги мамлакатлар сифатида қайд этилган.

Қолган мамлакатлар Қирғизистон (115-ўрин), Россия (124-ўрин), Қозоғистон (128-ўрин), Озарбойжон (141-ўрин), Беларус (146-ўрин), Ўзбекистон (150-ўрин), Тожикистон (157-ўрин) ва Туркманистон (161-ўрин) «авторитар режим»даги давлатлар қаторига киритилган.

Энг демократлашган давлатлар

Рейтингда биринчи ўринни 9,75 балл билан Норвегия эгаллаган. Ундан кейинги поғоналардан Янги Зеландия (9,37) ва Финландия (9,27) жой олган.

Шунингдек, кучли ўнталикка Швеция (9,26), Исландия (9,18), Дания (9,09), Ирландия (9), Тайван (8,99), Австралия ва Швейцария (8,90 балл) ҳам киритилган.

Индексдаги энг қуйи поғоналардан Шимолий Корея (165-ўрин), Мянма (166-ўрин) ва Афғонистон (167-ўрин) жой олган.

Маълумот учун, демократия индексини тузишда қуйидаги 5та омил инобатга олинган:

  • сайлов жараёнлари ва плюрализм;
  • ҳукуматнинг ишлаши;
  • сиёсий иштирок;
  • сиёсий маданият шаклланганлиги;
  • жамият эркинлиги.

Мавзуга оид