07:51 / 16.02.2022
2710

Ўзбекистон МДҲ давлатлари Олий суд раислари кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битимни тасдиқлайди

Фото: Shutterstock

Президентнинг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси билан:

  • 2021 йил 15 октябрь куни Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзоланган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг Олий (юқори) судлари раислари кенгашини ташкил этиш тўғрисида битимни тасдиқлаш;
  • Ўзбекистон Олий судини мазкур халқаро шартноманинг амалга оширилиши учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгилаш назарда тутилган.

Битим лойиҳаси қуйидаги масалаларни қамраб олади:

  • иқтисодиёт соҳасидаги низолар бўйича ишларни ҳал қилувчи Олий арбитраж, хўжалик, иқтисодий ва бошқа судлар раислари кенгаши ваколат доирасини кенгайтириш;
  • МДҲ иштирокчи-давлатларининг Олий судлари раислари кенгашини тузиш;
  • МДҲ иштирокчи-давлатларининг Олий судлари раислари кенгаши низомини тасдиқлаш.

Олий (юқори) судлар раислари кенгаши тўғрисидаги низом лойиҳасининг 1-бандига мувофиқ, кенгаш МДҲ давлатлараро органи ҳисобланади ва судлар ўртасидаги ҳамкорликнинг келишилган тамойиллари ва қоидаларини ишлаб чиқиш, уни ташкилий қўллаб-қувватлаш ва амалий амалга оширишда ёрдам бериш учун тузилган ҳисобланади.

Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишлари:

  • одил судловни амалга ошириш, МДҲга иштирокчи-давлатлар ҳудудида яшовчи (жойлашган) шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи суд органлари ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ва шаклларини аниқлаш;
  • МДҲ доирасида қабул қилинган ҳуқуқий ҳамкорлик соҳасидаги халқаро шартномалар ва бошқа ҳужжатларни амалга оширишда кўмаклашиш ва МДҲ доирасида давлатлараро муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва бошқалардан иборат.
Top