07:34 / 18.02.2022
5469

100 мингдан ортиқ аҳолидан коммунал тўловлари учун ортиқча ундирилган 8 млрд сўм қайтарилди

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда 100 мингдан зиёд аҳолидан ортиқча олинган 8 млрд сўмлик коммунал тўловлар қайта ҳисоб қилинди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Монополияга қарши курашиш қўмита раиси ўринбосари Бекзод Умматов маълум қилди.

Билдирилишича, табиий монополия субъектларининг шартномалари тўлиқ хатловдан ўтказилди ва рақобат ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши бўйича тўлиқ мувофиқлаштирилди. Оммавий шартномалар Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилиши тизими йўлга қўйилди.

“100 мингдан ортиқ аҳолидан ортиқча олинган 8 млрд сўмлик коммунал тўловлар аҳоли фойдасига қайта ҳисоб қилинди.

Хусусан, мингдан ортиқ оилавий корхоналарга тарифларни ошириб қўллаш натижасида 1,5 млрд сўм қайтарилди, мазкур маблағларни ўз тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтириш имкони яратилди”, дейди Бекзод Умматов.

Қайд этилишича, биргина Тошкент шаҳрида жойлашган кўп қаватли уй қурилиши билан шуғулланувчи тадбиркордан асоссиз равишда электр энергияси учун ундирилган 1,7 млрд сўм тадбиркорга қайтарилган. 

Темирйўл хизматларини кўрсатишда имтиёзларни қўлламаслик ҳамда қўшимча хизматларни тиқиштириш ҳолатлари бартараф этилиши натижасида 300 млн сўм маблағ тадбиркорлар фойдасига ҳал қилинган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинган 976 та ҳамда давлат органларининг 374 та ҳужжатлари рақобатга зид экани аниқлангани хабар қилинганди

Top