12:21 / 19.02.2022
2757

«Порахўрлик жинояти бўйича судланганлар сони ошди» - Хоразм вилояти суди раиси ахбороти

2021 йилда Хоразм вилоятида ўғирлик, қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш, ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, порахўрлик ва безорилик жинояти бўйича судланганлар сони ошган.

Фото: Хоразм вилояти суди матбуот хизмати

Хоразм вилояти суди раиси Баҳодир Полвонов 2021 йил якуни бўйича фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишга оид фаолияти юзасидан ахборот берди.

Қайд қилинишича, Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йил давомида 1624 нафар шахсга нисбатан 1289 та жиноят иши кўриб тамомланган. 1275 нафар шахсга нисбатан 966 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган, 346 нафар шахсга нисбатан 320 та жиноят иши тугатилган, 3 та жиноят иши бўйича 3 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган.

90 нафар шахс қамоқдан озод этилган. 803 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган. Барча инстанцияларда 26 нафар шахсга нисбатан 18 та жиноят иши бўйича оқлов ҳукми чиқарилган.

Ушбу даврда 26095 нафар шахсга нисбатан 21840 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 14383 нафар шахсга нисбатан 12833 та иш бўйича маъмурий жазо қўлланилган, 11712 нафар шахсга нисбатан 9007 та иш тугатилган.

2021 йилда ўғирлик жинояти бўйича судланганлар 19 тага (2020 йилда 188 та, 2021 йилда 207 та), қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш жинояти бўйича 26 тага (64/90), ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жинояти бўйича 81 тага (22/103), порахўрлик жинояти бўйича 25 тага (44/69), безорилик жинояти бўйича 15 тага (45/60) ошган.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 461 та (35,8 фоиз) жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан хотин-қизларга нисбатан 160 иш кўрилган ва 128 та иш бўйича 149 аёлга суд ҳукми чиқарилган. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлари томонидан 621 нафар 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган шахсларга нисбатан 512 та иш кўриб чиқилган ва 365 та иш бўйича 468 нафар ёшга суд ҳукми чиқарилган.

Шунингдек, 226 нафар шахсга нисбатан коррупция билан боғлиқ жиноят иши кўрилиб, 200 нафар шахсга суд ҳукми билан жазо тайинланган. Одам савдоси жинояти бўйича жами 20 нафар шахсга нисбатан 13 та иш кўрилиб, 19 нафар шахсга суд ҳукми билан жазо тайинланган. Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар бўйича жами 111 нафар шахс судланиб, уларга тегишли жазо тайинланган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йил давомида 16541 та  иш кўриб тамомланган. Шундан 12135 та даъво қаноатлантирилган, 1495 та даъво рад этилган, 269 та иш юритишдан тугатилган, 2642 та даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар сони 2079 тани ташкил этган. Шундан, 1263 таси бўйича даъво қаноатлантирилган, 623 та иш бўйича даъво  рад этилган, 135 та иш кўрмасдан қолдирилган, 58 та иш юритишдан тугатилган.

Иқтисодий ишлар бўйича судларда 2021 йил мобайнида 8704 та иш кўрилган бўлиб, 7189 таси қаноатлантирилган, 1276 таси бўйича даъво рад қилинган, 145 таси бўйича даъво кўрмасдан қолдирилган, 94 таси бўйича иш юритиш тугатилган. 

Хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида 987 та иш кўрилиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари тикланиб, уларнинг фойдасига 82,3 млрд сўм маблағ ундириш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.

Top